Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш - бозор шаффофлиги ва адолатли баҳонинг кафолати

Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида кўчмас мулк бозорини тартибга солиш ва унинг шаффофлигини таъминлаш муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Шу мақсадда Президентимизнинг 2025 йил 5 мартда қабул қилинган фармони асосида мамлакатимизда кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизими жорий этилди.

Янги тизимнинг аҳамияти нимада?
Бунда кўчмас мулк объектларининг бозор қийматини аниқлашда адолатли ёндашув ва ягона стандартларни қўллаш орқали:
• солиқ ва молия сиёсатининг самарадорлиги ошади;
• мулкдорлар учун ўз ҳуқуқларини аниқ белгилаш имконияти яратилади;
• бозорда шаффофлик таъминланади ва сунъий нархлар олди олинади.
Янги тизим босқичма-босқич, яъни 2025–2026 йилларда Тошкент шаҳрида тажриба сифатида, 2026–2027 йилларда Нукус шаҳри ва вилоят марказларида ҳамда 2027 йилдан бутун республика ҳудудида амалга оширилади.

Баҳолаш қандай амалга оширилади?
Оммавий баҳолаш жараёнида Кадастр агентлиги:
• кўчмас мулк бозори ҳақидаги маълумотларни йиғади ва таҳлил қилади;
• объектларни турига ва хусусиятларига кўра гуруҳлаштиради;
• нарх шакллантирувчи омилларни аниқлайди (жойлашуви, инфратузилма, экологик ҳолат, биноларнинг сифат даражаси ва бошқалар);
• компьютер формулалари ва замонавий усуллар ёрдамида объектнинг қийматини белгилайди.
Энг муҳими, ҳар бир мулкдор ўз объектининг баҳоланган қийматини Агентликнинг расмий веб-сайтидан кадастр рақами орқали билиб олиши мумкин.

Фуқаролар учун қулайлик
Агар мулкдор оммавий баҳолаш натижасидан норози бўлса, у ҳолда махсус комиссияга ёки судга мурожаат қилиши мумкин. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига хизмат қилади.
Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимининг жорий этилиши бозорда аниқ ва адолатли нархларни белгилаш, солиқ тизимини яхшилаш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим қадамдир.

Б.Тожибоев,
Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг судьяси.