Пули кўп одам бойми?

Нега бир хил даромадга эга бўла туриб, баъзи одамлар қашшоқликка ғарқ бўлади, бошқаларининг эса “егани олдида, емагани эса...”.

Пулнинг бойликка ҳеч қандай алоқаси йўқ, дейди чуқур фикр қилувчи кишилар.

Ҳайрон қолдингизми? Келинг, шу гапни таҳлил қилишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Масалан, орамизда ўртача бир хил даромадга эга одамлар бор. Улардан бири доимий равишда пулни тежаса-да, зўрға кун кечираётгани ҳақида гапириб келади. Бошқалари эса ҳашаматли турмуш тарзини олиб боради, қимматбаҳо уйлар, машиналар сотиб олади, йилига бир неча марта саёҳатга чиқади. Демак, “Бахт пулда эмас, балки унинг сарфланишида”, деган гипотеза тўғри бўлиб чиқяптими?

Тарбия ва одатлар

Собиқ иттифоқ давридаги купонлар, танқислик ва даромадлар кам бўлган даврларда ҳеч нарсаси бўлмаган оилаларда ўсган кишилар иложи борича ҳамма нарсани тежашга ҳаракат қилишган. Шу сабабли катта ҳаётда улар “тежамкорлик бойликнинг онаси” деган нақлга таяниб яшайди. Ҳатто энг кам маош олсалар ҳам, бундай одамлар ҳар доим шахсий жамғарма қилиб қўйишади ва ҳар қандай вазиятларда ҳеч қачон қарзга ботмайди.

Жуда яхши ва оддий қоида бор – агар ҳар бир даромадингизнинг камида 10 фоизини молиявий ёстиқ сифатида олиб қўйиб, шундан кейингина бошқа барча харажатларингизга сарфласангиз, ишонинг, ғамланган 10 фоиз фарқ унча сезилмайди, кўрибсизки, фавқулодда вазиятлар фонди тўплана бошлайди.

Бюджет

Иккинчидан, бу бюджетни режалаштириш ва харажатларни назорат қилишдаги бошқача ёндашув. Баъзилар сарфланган ҳар бир тийинни ёзиб қўяди ва режадан ташқари харидларни камайтиришга ҳаракат қилиб, сарфлаш заруриятини таҳлил қилиб боради.

Бу ерда, улар болалигида эшитган "бунга пул йўқ", "пул топиш осонми сенга", каби гапларни эслайди, айнан ана шу гаплар уларга пул сарф қилиб, ўзига хоҳлаган нарсасини сотиб олишга рухсат беришга тўсқинлик қилаётган  бўлса ажабмас.

Бошқалар эса пулни осонликча ва кўпинча оқибатлари ҳақида ўйламасдан сарфлайверади. Улар пул ҳам келади, ҳам кетади тамойили асосида яшайди. Кейин эса коммунал тўловларни қандай тўлаш ҳақида ўйлаб юради. Бундай одамлар, ўзи айтганидек, маошдан авансгача кун кўриб яшайди.

Устуворлик ва қадриятлар

Ҳаётий устуворликлар ва қадриятлар жуда муҳим роль ўйнайди. Баъзи одамлар учун ҳатто қарз олишлари керак бўлса ҳам ўзига максимал "бойлик" ва қулайликни бугун ва ҳозир таъминлаши муҳим. Улар бунга шунчалик қаттиқ ёпишганки, бюджети чекланган бўлса-да, кўпинча кечки овқатни ресторанда ёки етказиб бериш хизматидан фойдаланган ҳолда қилишади. Бундай кишилар даромадлари рухсат этганидан кўпроқ пул сарфлаб, ўз имкониятларидан ташқарида яшайдилар.

Бошқалар узоқ муддатли барқарорлик ва хавфсизликни устувор қўяди, шунинг учун улар ҳисоблайди, тежайди ва сармоя киритади. Эҳтимол, улар ресторанларга тез-тез бора олмас ёки ўзига қўшимча пойабзал сотиб олмайди, лекин қарз остида яшамайди ва ҳар доим ғамлаб қўйган пули бор, ва ўз имкониятлари доирасида яшайди.

Қандай қилиб ўз имкониятлари доирасида яшаш мумкин? Албатта, бу кўникмага бюджетни режалаштириш, харидларга оқилона ёндашиш, қандай тежашни билиш - лекин шу билан бирга кўпроқ пул топиш ва яхшироқ яшаш учун бир жойда туриб қолмаслик, ўзини ривожлантирмайдиган доирага кирмаслик орқали эга бўлиш мумкин.  Ахир, пул ҳаёт мақсади эмас, балки шунчаки воситадир.

***

P/s: Молиявий барқарорликка эришиш учун сиз ўзингизни бутунлай чеклаб қўймаслигингиз ва ўзингизни кичик қувончлардан маҳрум қилмаслигингиз керак. Пулни тежаш ва сарфлаш ўртасидаги мувозанатни топиш муҳимдир. Ҳаётдаги асосий бойлик, бу - банкдаги ҳисоб ҳажми эмас, балки соғлиқ, оиламиз ва яқинларимиз эканлигини унутманг.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.