Коммунал хизмат: Тизим ўзини қай даражада оқлаяпти?

Юртимизда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва унинг вилоятлардаги бошқармалари ташкил этилганига уч йил бўлди. Ўтган вақт давомида тизимда муайян ишлар амалга оширилди.

Бошқармамиз ташкил этилганида тизимга сўнгги 30 йил ичида ўз ҳолига ташлаб қўйилган, йиллар давомида таъмирланмаган, томидан чакка ўтиб, ертўласи сувга тўла бўлган уйлар мерос бўлиб қолган эди.

Кейинги уч йилда вилоятимиздаги 946 та кўп қаватли уй мукаммал ва жорий таъмирланди. 748,2 минг квадрат метр уй-жойнинг том қисми янгиланди, 1352 та уй-жойнинг фасад қисми созланди, 807 та уйнинг ертўла муҳандислик-коммуникация тармоқлари таъмирланиб тартибга келтирилди. 5015 та кириш йўлаклари, 2950 та электр щитлари таъмирланди, 7580 та дераза пластик ромларга алмаштирилди, 28 минг погонометр ирригация тармоқлари тартибга келтирилди, 404 та янги болалар ва спорт майдончалари қурилди. Ўтган йили Самарқанд шаҳридаги уйларга 74 та янги лифт ўрнатилган бўлса, жорий йилда ҳам шунча лифт янгиланади.

Самарқанд шаҳридаги Суғдиёна, Сартепа массивлари, Фарҳод, Кимёгарлар шаҳарчаларидаги кўп қаватли уйларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Барча уйларнинг томлари сифатли ёпилди. Ўзбошимчалик билан қурилган бинолар олиб ташланди.

Ичимлик суви таъминотида ҳам катта ўзгаришлар бўлди. Олдин соатбай сув билан таъминланган Суғдиёна ҳамда Кимёгарлар шаҳарчасидаги уйларга кеча-ю кундуз ичимлик суви берилмоқда. Кўчалардаги электр симёғочлари янгисига алмаштирилиб, замонавий ёриткичлар ўрнатилди. Кўп қаватли уйларнинг ичимлик ва оқова сув қувурлари замонавий пластик қувурларга алмаштирилди. 2545 та уйнинг кириш йўлакларига мустаҳкам, кодланадиган темир эшиклар ўрнатилиб, йўлаклар бетон қилинди. Фарҳод ва Кимёгарлар шаҳарчасидаги оқова сув тизими бутунлай янгиланди.

Бугунги кунда туманлардаги кўп қаватли уйларда ҳам оқова сув тармоқлари қурилиб, сув тозалаш иншооти ишга туширилмоқда. Шу пайтгача фақат Булунғур туманидагина оқова сув тизими мавжуд бўлган бўлса, ҳозирда Ургут, Нарпай, Жомбой, Тойлоқ, Пахтачи туманлари аҳолиси ҳам ана шундай тизимдан фойдаланиб келмоқда.

2020 йилда вилоятимизда ичимлик ва оқова сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш мақсадида 218,5 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган бўлиб, 383,2 километр ичимлик суви тармоғи тортиш, 102 та ичимлик сув иншооти қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. 42,5 километр оқова сув тармоқлари ва 3 та тозалаш иншооти қурилади. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари асосида 100 километрдан зиёд ичимлик сув тармоқлари, 28 та ичимлик сув иншоотлари қуриб, таъмирлаш учун 11,4 миллиард сўм ажратилади.

Самарқанд шаҳрида бунёдкорлик ишлари ва ободонлаштиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Биргина сув таъминоти ва оқова сув тизими объектларини таъмирлашга 88,7 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Шаҳарда биттадан ичимлик суви ва оқова сув иншооти қурилади. Шунингдек, 1,5 километр ичимлик суви, 13,5 километр оқова тармоғи тортиш ишлари олиб борилади. 8 та тоза сув қудуғи реконструкция қилиниб, 11 та сув минораси таъмирланади. 23,7 километр ичимлик сув тармоғи тортилиб, 17 та сув насоси ўрнатилади. Шунинг­дек, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан Қўшработ туманидаги 77 та қишлоқ аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланади. Каттақўрғон шаҳрининг сувоқова тизими тубдан таъмирланади.

Бу йил амалга оширишимиз зарур бўлган ишларга эътибор қаратар эканмиз, олдимизда шаҳардаги кўп қаватли уйларни иситиш ва иссиқ сув билан таъминлаш муаммоси турганлигини кўрамиз. Бу тизим ҳам узоқ йиллар давомида издан чиққан. Жорий йилдан тизимни йўлга қўйиш, иситиш ва иссиқ сув билан таъминлашнинг замонавий усулларини жорий қилиш ишлари бошланди. Финляндия технологияси асосида уйларни иситиш ва иссиқ сув етказиб бериш ишлари йўлга қўйилади.

Бу йил аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида катта ишларни амалга оширамиз. Самарқанд шаҳри кеча-ю кундуз тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Туманларда таъмирга муҳтож кўп қаватли уйлар ҳали кўп, уларда яхши турмуш кечириш учун зарур шароитларни яратиш ҳам асосий юмушларимиздан бўлади.

Бугун юртимиз бошига ташвиш тушиб, шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси карантинда қолаётган хавотирли кунларда хонадонларда ортиқча муаммолар бўлмаслиги, уйларда ичимлик суви узилмаслиги, оқова сувлари тўхтаб қолмаслиги, кўчаларимиз тоза ва озода бўлиши учун ишчиларимиз кеча-ю кундуз ишламоқда. Бўлимларимизда ҳар қандай носозлик ҳолатларини бартараф эта оладиган таъмирлаш гуруҳлари тузилган ва улар тун-у кун навбат билан ҳушёр туриб, меҳнат қилмоқда. Барча ишларнинг тез ва сифатли бажарилиши назоратга олинган.

Рустам САТТОРОВ,

Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи.