190 миллиард сўмдан зиёд маблағ хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрига қайтарилди
Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи “Samarkand touristic centre” масъулияти чекланган жамияти қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш бўйича 39 миллиард 915 миллион 80 минг сўмга ариза билан мурожаат қилган эди. Корхонанинг аризаси ижобий қаноатлантирилиб, мазкур сумма қайтариб берилди. Бу эса масъулияти чекланган жамият фаолиятини кенгайтириш, қўшимча иш ўринларини яратиш имконини беради.
Дарҳақиқат, қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнининг қопланиши тадбиркорлик субъектлари учун манзур бўлмоқда. Корхоналар ихтиёрида қоладиган маблағ маҳсулот ишлаб чиқариш ёхуд хизмат кўрсатиш суръати ва сифатини ошириш, пировардида иқтисодий самарадорликка эришишга ёрдам беради.
– ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш жараёни тартиби хусусида тадбиркорлик субъектлари саволлар билан мурожаат қилмоқда, – дейди Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилиги бўлими бошлиғи Равшан Имомов. – Ушбу масала юзасидан бошқарманинг малакали мутахассислари хўжалик юритувчи субъектлар вакилларига атрофлича тушунтиришлар бермоқда. Қайд этиш жоизки, ортиқча тўланган солиқ суммаси, ҳисобга олинган сумманинг айланмага ҳисобланган суммадан ошган қисми, 0 фоизли ставка қўллаш натижасида ҳосил бўлган сумма қайтарилади. ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш умумий ва тезлаштирилган тартибларда амалга оширилади. Бугунги кунгача ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш бўйича 346 миллиард 791 миллион 880 минг сўмга 487 та ариза келиб тушган. Аризалардан 79 таси тезлаштирилган, 408 таси эса умумий тартибга тааллуқли. 128 та ариза ижобий ҳал қилиниб, 190 миллиард 132 миллион 310 минг сўм хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрига қайтарилди.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.