50 га яқин корхонадан қўшилган қиймат солиғи ундирилмаган. Нега? 

Вилоятнинг давлат бюджети даромадлари 2021 йил 2-чорагида 676,1 миллиард сўмни ташкил этган. Амалда ушбу режа 744,2 миллиард сўм (110,1 фоиз) ёки 68,1 миллиард сўмга ошириб бажарилган. Бу ҳақда вилоят Кенгаши ўттиз тўққизинчи сессиясида вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Иноғомов маълум қилди.

Маҳаллий бюджетларнинг даромадлар бўйича белгиланган 593,2 миллиардсўм режа 688,7 миллиард сўмга ёки 116 фоизга бажарилиб, бюджетга қўшимча 95,5 миллиард сўм тушум ортиғи билан таъминланган.

Ҳисоб-китобларга кўра:

- Фойда солиғига белгиланган 37,9 миллиард сўмлик режа 50,8 миллиард сўмга (134,2 фоиз),

- Акциз солиғи (якуний истеъмол) бўйича белгиланган 43,5 миллиард сўмлик режа 45 миллиард сўмга (103,4 фоиз),

- Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига белгиланган 230,1 миллиард сўмлик режа 256,4 миллиард сўмга (111,4 фоиз),

- Юридик шахслардан ер солиғи бўйича белгиланган 26 миллиард сўмлик режа 33,1 миллиард сўмга (127,2 фоиз),

- Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиғига белгиланган 8,3 миллиард сўмлик режа 8,4 миллиард сўмга (100,5 фоиз),

- Жисмоний шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича белгиланган 23,8 миллиард сўмлик режа 23,8 миллиард сўмга (100,1 фоиз),

- Жисмоний шахслардан ер солиғи бўйича белгиланган 28,3 миллиард сўмлик режа 30,1 миллиард сўмга (106,4 фоиз) бажарилди.

Қўшилган қиймат солиғига белгиланган 150,9 миллиард сўмлик режа 146 миллиард сўмга (96,7 фоиз) бажарилмади. Чунки Пайариқ туманидаги “Пайариқ кластер” МЧЖнинг 2,6 миллиард сўм, Иштихон туманидаги “Митан пахта тозалаш” МЧЖнинг 1,3 миллиард сўм, Пахтачи туманидаги “Зиёвуддин текстил” МЧЖнинг 1 миллиард сўм, вилоят “Иссиқлик манбаи” корхонасининг 605 миллион сўм ва шу каби 48 та корхонанинг 9,8 миллиард сўм солиқ қарздорликлари етказиб берилган маҳсулот ва кўрсатилган хизматлар учун маблағ тўлаб берилмаганлиги натижасида ундирилмасдан қолди. Бироқ, вилоятдаги йирик солиқ тўловчиларнинг ҚҚС бўйича 2021 йилнинг 2-чорагида белгиланган режани ортиғи билан бажарганлиги ҳисобига маҳаллий бюджетга қўшимча 20,6 миллиард сўм тушум таъминланди.