1977 йилда космосга учирилган «Вояджер» зондлари ҳануз Ерга маълумот етказяпти
1977 йилда «Вояджер» («Саёҳатчи») дастурига кўра, Қуёш системасини тадқиқ этиш учун космосга иккита зонд учирилган эди. Ҳайратланарлиси шундаки, ушбу жуфтлик ҳозиргача коинотда кезиб юрибди ва олимларга илмий маълумотлар узатиб турибди, деб хабар беради «Мир новостей» (2020 йил, 8-сон) ҳафтаномаси.
Аммо ҳаммаси ҳам силлиқ кетаётгани йўқ. Яқиндагина биродарлардан бири «Вояджер-2» тизимдаги ишкаллик сабабли иш қобилиятини йўқотди: илмий ускуналар ишламай қўйди. Ердаги мутахассисларга вазиятни баҳолаш ва чоралар кўриш учун бир неча кун керак бўлди. Улар бунинг уддасидан чиқишди. Дарҳол бўлмаса-да, аппарат жонланди ва етиб бўлмас узоқликдан яна «хабар» бера бошлади.
Гап шундаки, ҳар иккала аппарат ҳам аллақачон Қуёш системаси чегарасидан чиқиб кетган: «Вояджер-1» сал узоқроқда, бахтиқора иккинчиси эса сал яқинроқда. Уларнинг биздан узоқлигини ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Шуни айтиш кифояки, биринчи «Вояджер»дан жўнатилган радиосигнал Ерга камида 17 соатда етиб келади. Таққосласак, Марсдан Американинг «Кьюриости» аппарати юбораётган сигнал Ерга «атиги» 14 дақиқада етиб келади.
Қизиғи шундаки, аппаратларнинг ишлаш муддати аввал бошда кўпи билан беш йилга мўлжалланган бўлса-да, улар 43 йилдан буён само сирларидан олимларни хабардор қилиб турибди.