2019 йил Самарқанд вилояти ҳаётида (апрель, май, июнь)

Апрель

6 апрель - Самарқандда Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон касаба уюшмалари федерациялари вакиллари иштирокида “Трансмиллий корпорацияларга ва ижтимоий сиёсатга тааллуқли принциплар тўғрисидаги уч томонлама декларацияси: касаба уюшмалари учун ҳаракатлар воситаси” мавзусидаги халқаро семинар ўтказилди.

10 апрель - Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов Хитойда “Бир камар, бир йўл” халқаро форумида маъруза қилди.

12 апрель - Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Самарқандда “Ўзбек аёли – фуқаролик жамиятида” мавзусида фотокўргазма ҳамда ўзбек миллий кийимлари ва анъанавий “Икат” мавзусида модалар намойиши ҳам бўлиб ўтди.

Самарқанднинг француз қизи – Амир Темур даври маданияти тарғиботчиси

Мирзо Улуғбек мадрасаси ҳовлисида “Мирзо Улуғбек” спектакли намойиш этилди ва унда бош роль – Мирзо Улуғбек образини машҳур француз актёри Франсуа Шато ижро этди.

13 апрель  -  Юртимизда меҳмон бўлган Россия Федерацияси Давлат думасининг Мудофаа бўйича қўмитаси раиси Владимир Шаманов бошчилигидаги Россия Қаҳрамонлари ассоциацияси делегацияси Самарқандда бўлди.

16 апрель - Франциянинг Европа ва ташқи ишлар бўйича вазири ҳузуридаги давлат котиби Жан-Батист Лемуан бошчилигидаги делегация аъзолари ташриф буюрди. Улар Самарқанд шаҳрида ташкил этилган франциянинг фахрий консуллиги очилишида иштирок этди.

Франциянинг Марказий Осиёдаги илк фахрий консуллиги Самарқандда очилди

20 апрель - Мамлакатимизга давлат ташрифини амалга оширган Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Самарқандга ташриф буюриб, қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳардаги тарихий-маданий ёрдгорликлар, диққатга сазовор жойлар билан яқиндан танишди.

27 апрель - Самарқанд шаҳрида вилоят ички ишлар бошқармасининг янги ташкил этилган хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ҳамда “Ситуацион марказ” учун бунёд этилган бино фойдаланишга топширилди. Бу ерда Самарқанд шаҳрида мавжуд 4 мингдан ортиқ видео кузатув камераларининг 1100 дан зиёди геоинформацион тизимига тўғридан-тўғри уланди.

***

Самарқандда туризмни ривожлантириш мақсадида Самарқанд нонлари ва миллий таом – палов сайли ўтказилди.

29-30 апрель - Самарқанд шаҳрида «Ислом Каримов ўқишлари: Ислом Каримов – давлат мустақиллигининг асосчиси» мавзусида республика илмий анжумани ўтказилди.

 

Май

1 май - Самарқанд шаҳридаги Кўксарой, Регистон, Университет  хиёбони ва бир қанча жойларда фавваролар сайли ўказилди.

6 май - вилоят эндокринология диспансерининг қабул, болалар эндокринологияси, интенсив даволаш ва реанимация бўлимлари жойлашган янги биноси фойдаланишга топширилди. Янги бинода 40 зиёд лаборатор таҳлилларни амалга ошириш имконияти яратилди.

9 май - Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги муносабати билан Самарқанд вилоятидаги 70 нафар уруш қатнашчисининг хонадонига борган ҳолда уларга пул мукофоти ва байрам совғалари топширилди.

13-14 май - вилоятимизда «Ўзбекистон умумий уйимиз» анъанавий маданият ва дўстлик фестивали ўтказилди.

14 май - Самарқанд шаҳридаги «Динамо» теннис кортида профессионал теннисчилар уюшмаси (АТР) мусобақалари тақвимидан жой олган халқаро «Челленжер» турнири ўтказилди. Унда 24 та мамлакатдан 53 нафар моҳир теннисчилар қатнашди.

19 май - Самарқандда «Биз соғлом турмуш тарафдоримиз!» шиори остида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан оммавий юриш марафони бўлиб ўтди.

24 май - Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида Самарқанд вилояти ва Шаньдун провинцияси ўртасида бизнес-форум бўлиб ўтди.

24 май - Самарқандда Хитой, Россия, Франция, Италия, Жанубий Корея, Туркия, Босния ва Герцаговина, Польша, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон мамлакатларининг етакчи олимлари, туризм соҳаси мутахассислари иштирокида «Буюк Ипак йўли чорраҳасида зиёрат туризмининг ренессанси» мавзусида халқаро илмий конференция ўз ишини бошлади.

27 май - Самарқандга ташриф буюрган Жаҳон ҳунармандлар кенгаши (WCC)нинг Осиё - Тинч океани минтақаси бўйича президенти Гада Каддуми Самарқандга “Халқаро ҳунармандлар шаҳри” мақомини беришни таклиф қилди.

 

Июнь

1 июнь - Барча туман ва шаҳарлардаги маданият ва истироҳат боғларида халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Ҳар бир болага меҳр, эътибор!» шоири остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

6 июнь - Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси раиси Нурлан Нигматулин бошчилигидаги делегация Самарқандга келди.

11 июнь - Тожикистоннинг бир гуруҳ журналистлари Ўзбекистон бўйлаб ташкил этилган пресс-тур доирасида вилоятимизга ҳам ташриф буюрди.

15 июнь - Самарқанд шаҳрида профессионал қўл жанги бўйича Р-1 йўналишида халқаро турнир ўтказилди.

18 июнь - Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Бангладеш Халқ Республикаси Президенти Муҳаммад Абдул Ҳамид Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

20 июнь - Самарқанд давлат университетида «Баҳодир Ялангтўшнинг Марказий Осиё ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида тутган ўрни» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

23 июнь  - Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ташаббуси билан ташкил этилган касаба уюшмалари ёшларининг «ТЕМП-2019» Тошкент халқаро форуми иштирокчилари Самарқандда бўлди.