2019 йил Самарқанд вилояти ҳаётида (январь, февраль, март)
Январь
11 январь - Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташриф буюрди ва янгидан буён этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабида бўлди.
Шу куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди ва Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Эркинжон Турдимов вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.
12-13 январь кунлари - Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Сушма Свараж, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Бейбут Атамқулов, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов иштирокида “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти Ташқи ишлар вазирларининг Афғонистон иштирокидаги учрашуви бўлиб ўтди.
14 январь - Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида туғма юрак нуқсони билан туғилган 2 нафар беморнинг юраги илк бор очиқ турда муваффақиятли операция қилинди.
17 январь - Самарқанд шаҳридаги 51-немис тилига ихтисослаштирилган давлат умумий ўрта таълим мактабига немис файласуфи, тилшунос олим Фридрих Вигҳелм фон Хумбольдт номи берилди.
30 январь - Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуди муносабати билан юртимизда хотира тадбирлари ўтказилди.
Февраль
6 февраль - Самарқанд ветеринария медицинаси институтига Жанубий Кореянинг Конкук университети президенти Мин Санги ташриф буюрди ва икки олий таълим муассасаси ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди.
7 февраль - Жомбой туманидаги «JV MAN AUTO UZBEKISTAN» қўшма корхонасида 2019-2020 йилларда вилоятимизнинг Жомбой, Тойлоқ, Пайариқ, Булунғур ва Оқдарё туманларида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
9 февраль - Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида улуғ аждодимизнинг 578 йиллиги кенг жамоатчилик вакиллари, шоир ва ёзувчилар, олимлар, талаба-ёшлар томонидан кенг нишонланди.
14 февраль - Вилоят мусиқали драма театри майдонида вилоят ҳокими Э.Турдимов тўртта театр жамоаси раҳбарларига «Isuzi» автобуси калитларини топширди.
27 февраль - Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Халқаро узумчилик ва виночилик ташкилоти бош директори Пабло роко Бласко бошчилигидаги делегация Самарқанд шаҳрига келди. Унда 2021 йилда Халқаро узумчилик ва виночилик ташкилоти Бош ассамблеяси йиғилишини Самарқандда ўтказиш бўйича келишиб олинди.
Март
4 март - Самарқандда қурилиш соҳасида фаолият олиб бораётган маҳаллий тадбиркорлар ва Туркиянинг Шарқий Анатолия экспортчилар уюшмасига аъзо 18 компания вакиллари иштирокида учрашув ўтказилди ва ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувлар имзоланди.
15 март - Самарқанд шаҳрида «Қозоғистон таълим кунлари» илмий-маърифий кўргазмасида 12 та олий таълим муассасаси йўналиши ва ихтисосликлари бўйича тақдимот қилди.
16 март - Самарқанд автомобиль заводида ташкил этилганлигининг йигирма йиллигига бағишланган тантанали маросим ўтказилди. “Ўзавтосаноат”, Япониянинг “ISUZU Motors” компанияси ва “Itochu corporation” корпорацияси вакиллари иштирок этган тадбирда мазкур корхонада “D-MAX” автомобили ишлаб чиқариш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
17 март - Жомбой тумани Қўнғирот маҳалласи ҳудудидаги «Қорақасмоқ» отчопарида вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ҳамкорлигида халқаро улоқ-кўпкари мусобақаси ўтказилди. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон давлатлари ҳамда юртимиз ҳудудларидан 500 дан ортиқ энг сара чавандозлар иштирок этди.
20 март - Наврўз байрами муносабати билан Самарқанд шаҳридаги «Мўъжиза» амфитеатрида миллий кураш бўйича вилоят ҳокими соврини учун Республика беллашуви ўтказилди. Унда республикамизнинг турли ҳудудларидан келган 100 нафардан ортиқ номдор курашчилар уч вазн тоифасида ўзаро беллашди.
26 март - Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 мартдаги фармонига кўра, Самарқанд вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган 5 нафар фуқаро афв этилди.
27 март - Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ҳадис илми мактаби талабаларининг республикамиздаги муқаддас қадамжо ва тарихий обидаларга саёҳатларини амалга ошириш учун замонавий автобус совға қилинди.
28 март - Самарқанд шаҳрининг янгидан бунёд этилаётган Қорасув массивида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳудудий бошқармалари хизматчилари учун қурилган иккита кўп қаватли ўй фойдаланишга топширилди.