2019 йил Самарқанд вилояти ҳаётида(октябрь, ноябрь, декабрь)
Октябрь
1 октябрь ҳолатида Самарқандда 100 ёшдан ошган пенсия ва нафақа олувчилар 53 нафарни ташкил этди. Уларнинг 41 нафари аёллар.
2 октябрь - Тойлоқ ва Иштихон туманларида жиноят ишлари бўйича маъмурий ҳамда туманлараро иқтисодий ва фуқаролик судлари учун қурилган янги суд биноси фойланишга топширилди.
5 октябрь - “Кексалар ҳафталиги” доирасида Ислом Каримов кўчаси бўйлаб марафон ўтказилди. Унда 200 нафардан ортиқ спортсевар нуронийлар 5 минг қадам масофани босиб ўтди.
7 октябрь - Самарқанд давлат университетида ташкил этилган халқаро таълим дастурлари факультетида Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчиси Сантош Жа иштирокида Ҳиндистон маданияти ўқув маркази очилди.
8 октябрь - Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Вакиллар палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов ҳамроҳлигида Самарқандга келди.
11 октябрь - Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида юртимиздаги давлат органлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар, Вена шаҳридаги Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти иштирокчи мамлакатларининг доимий вакиллари иштирокида “Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари эркинлиги масалалари” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди.
20 октябрь - Вилоят ҳокимлигида Ҳиндистоннинг Гужарат штати ишбилармон доиралари вакиллари ва самарқандлик тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.
26 октябрь - Вилоятда ягона мобил жавонга эга архив биноси Паст Дарғомда фойдаланишга топширилди.
Ноябрь
3 ноябрь - Самарқанд шаҳрида илк бор дунёнинг 23 давлатидан келган 1100 нафардан ортиқ спортчи ва ҳаваскорлар иштирокида Samarkand Half Marathon – халқаро хайрия марафони ўтказилди.
5 ноябрь - Технион – Исроил технология институти Материалшунослик ва муҳандислик кафедраси профессори, кимё бўйича Нобель мукофоти лауреати Дан Шехтманга СамДУ фахрий профессори унвони берилди.
10-11 ноябрь - Самарқандда “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси ўтказилади.
“Марказий Осиё ва Евроосиё: глобал тартибсизликларнинг олдини олиш бўйича кенг қамровли ҳамкорлик” мавзуидаги бу йилги конференцияда ўндан ортиқ хорижий мамлакатдан экспертлар, сиёсатшунослар қатнашди.
17 ноябрь - Самарқанд шаҳрида ўқитувчи-мураббийлар учун илк бор арзонлаштирилган нархларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.
23 ноябрь - “Invest in Samarkand” I халқаро инвестициялар форуми ва вилоят ишлаб чиқарувчиларининг “Made in Samarkand” миллий кўргазмаси ўз ишини бошлади. Илк бор ўтказилаётган тадбирда 30 давлатдан келган 200 нафардан ортиқ хорижий сармоядорлар иштирок этди ва 1,3 миллиард долларлик шартномалар имзоланди.
26 ноябрь - Самарқанддаги “UzAuto Trailer” масъулияти чекланган жамияти Россиянинг “КАМАЗ” ишлаб чиқариш акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда янги “КАМАЗ” автомобиллари шассисини йиғиш линиясини расман ишга туширди.
27 ноябрь - Самарқандда Бутунжаҳон туристик шаҳарлар федерацияси (WTCF) ташаббуси билан туризмни ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган “Битта макон – битта йўл” мавзусида Марказий Осиё минтақавий конференцияси ўтказилди.
Декабрь
8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллиги арафасида Қорасув массивидаги Обод маскан маҳалласида 546 оила учун 13 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.
13 декабрь - Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов Япониянинг Нагоя шаҳри мэри Такаси Кавамура бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
***
Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалик ходимлари мавсумни муваққақиятли якунлади. 103,9 минг гектар майдондаги ғалладан 664,8 минг тонна дон, 75,5 минг гектар майдондан салкам 180 минг тонна пахта хомашёси йиғиб олинди. Шунингдек, 276 минг 153 тонна мева, 1 миллион 120 минг тонна сабзавот, 464 минг тонна узум етиштирилди. 1 миллион 260 тоннадан зиёд гўшт ва 954 минг литр сут маҳсулотлари тайёрланди.