Ижтимоий тармоқ вақтимизни ўғирлаяпти

Ота-онам болалигида тенгдошлари билан ўйнаган “Оқ теракми, кўк терак?”, “Яшинмачоқ”, “Қувлашмачоқ”, “Арқонда сакраш” ва бошқа халқ ўйинлари ҳақида завқ билан гапириб беришади. Шунда ўша даврга тушиб қолгандек бўламан. “Нега бизда ундай эмас”, деган савол қийнайди мени. Жавоб ҳам тайёр: “Ҳаммасига телефон сабаб”.  

Баъзида бир кун бўлса-да, ҳамма телефонлар бузилиб қолса-ю, биз ҳам ўша қизиқарли ўйинларни ўйнасак, деган фикр ўтади хаёлимдан. Шу телефон, ижтимоий тармоқлар болалигимиздаги қанча-қанча вақтни ўғирлаяпти, ёшлигимизнинг қимматли онлари беҳуда сарфланмоқда. Келажакда фойдасидан кўра зарари кўп тегиши мумкин бўлган бу тармоқ­лар бизни қаёққа етаклаши номаълум. 

Ўзимни китоб ўқийдиган, телефондан кам фойдаланадиган ёшларнинг бири, деб биламан. Шу гапимнинг исботи сифатида бир куни синаб ҳам кўрдим. Дарсларимни қилиб, бироз дам олиш мақсадида телефонни қўлимга олдим. “Телеграм”да бир қариндошимдан келган хабарни ўқидим. Кейин бошқа дугонамнинг “инстаграм” ҳаволасидан келган “Дугонажон, сени яхши кўраман!” мавзусидаги шеър ўқилган видеони кўрдим. У тугагач, бошқа бир видео чиқди, униям кўрдим. Жараён шу тариқа давом этиб, ярим соатча вақтдан кейин ўқишим билан боғлиқ реклама ролигига кўзим тушди. У мен қизиқиб юрган тил ўргатиш маркази ҳақидаги реклама эди. Унда қисқача маълумот берилиб, видеонинг тўлиқ вариантини “Ютубе”да томоша қилишимиз мумкинлиги айтилган. Кейин “Ютубе”га ўтдим. Хуллас, 2 соату 15 дақиқа вақтим шу билан ўтди. 

 Ушбу мавзуда мақола ёзишни мақсад қилиб, устозлар кўмагида Zarnews.uz телеграм каналида сўровнома эълон қилдик. Унда “Бир кунда қанча вақтингизни ижтимоий тармоққа сарфлайсиз?”, деган савол қўйилди. Сўровномада 726 нафар обуначи овоз берган. Уларнинг 131 нафари “Ўртача 30 дақиқа сарф­лайман”, деган жавобни танлаган. Иштирокчилар­нинг 483 нафари 2 соатдан зиёд вақтини ижтимоий тармоқда ўтказишини билдирган бўлса, 96 нафари “Аввал кўп вақтим ижтимоий тармоқ­да ўтарди, ҳозирда кескин камайтирганман”, деган жавобда тўхталган. Шунинг­дек, 16 нафар иштирокчи фикрларини изоҳда қолдиришини маълум қилиб, бир кунда 5, ҳатто 10-12 соат вақтини ижтимоий тармоқ учун сарфлаши мумкинлигини ёзган. 

Натижалардан кўриниб турибдики, қатнашчиларнинг қарийб 70 фоизи кунига 2 соатдан зиёд вақтини ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга сарфлайди. Агар бу кўрсаткични ўртача ҳисобда 2,5 соат деб олсак, бу бир йилда 912,5 соатни ташкил этади. Агар 3 соатдан ҳисоб­ласак, бу йилига 1095 соат, қарийб 46 кун дегани! Демак, биз бир йилда 1,5 ой вақтимизни ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга сарфлар эканмиз. Шунда 60 йил яшаган инсон 7,5 йил умрини экранга тикилиб ўтказган бўлади. 

Ta’lim xabarlari.uz сайтида келтирилган маълумотларга кўра, БМТ буюртмаси билан бир қатор мамлакатларда ўтказилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, ёшлар ўртасида ҳаётдан қониқиш ва бахт даражаси кескин пасайиши интернет ва ижтимоий тармоқнинг кенг тарқалиши билан боғлиқ экан. 

Хулоса ўрнида айтганда, ижтимоий тармоқлар вақтимизни, соғлигимизни, ўзлигимизни тортиб олишига йўл қўймайлик. Телефондаги ўйинлардан кўра, болаларга саломатлик учун фойдали бўлган, бугунги кунда унутилиб бораётган қадимий, миллий ўйинларимиз билан шуғулланишлари учун шароит яратсак, мақсадга мувофиқ бўларди.

Муяссарбону Сирожиддинова, 

Журналистлар уюшмаси қошидаги “Маҳорат мактаби” тингловчиси.