Томорқа - қанча экин экиб фойдалансанг, шунча зиёда бўладиган хазина

Совет иттифоқи вақтида томорқа деганда йилда бир жўхори сепиб олинадиган ёки йиллаб бедазор бўлиб “дам олиб” ётган чоғроқ экин майдони тушунилар эди.
Аҳоли асосан ризқини колхоз далаларидан терар, яхши мева ҳам, сабзавот, полиз экинлари ҳам ўша далаларда бўлар эди. Мабодо томорқа эгаси бирор маҳсулот етиштиришга бел боғласа ҳам, унга ер ҳайдаш учун техника етишмас ва ўша колхоз техникасига мурожаат этишга мажбур бўлар эди. Техникадан бошқа деҳқонга яна уруғлик, минерал ўғит ҳам муаммо бўлар, мабодо омади келиб, бозоргирлик маҳсулот етиштирса ҳам, кейинчалик уни сотиш ҳам бир масала эди.
Йиллар ўтиб, томорқага бўлган ўша “совуқ” муносабат тамомила бошқа томонга ўзгара бошлади. Бугунги кунга келиб эса томорқа нафақат тирикчилик, балки тириклик масканига айлангандек. Томорқанинг бизга намоён бўладиган иқтисодий жиҳатидан ташқари, бугун у инсонлар учун мақсад, тақдир, орзулар рўёби, кенг имконият тақдим этадиган умидлар майдонига айланган.
- Бугун аграр соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, юртимизда деҳқончилик маданиятини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш, ерларнинг унумдорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Президентимиз ташаббуси бўлган Сайхунобод тажрибаси асосида томорқа ва уй хўжаликларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали яхши даромад топаётган минглаб оилалар фаровон ҳаёт кечирмоқда. Бир пайтлар томорқаларда асосий экин беда билан макка бўлиб қолган бўлса, эндиликда меҳнат қиламан деган одамга сархил мева-сабзавотлар етиштириб, даромад олиш, экспорт қилиш имкони мавжуд, - дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Аваз Ҳосилов. - Аҳолига енгиллик мақсадида ҳар бир маҳаллада бир нечтадан мини трактор, мотокультиватор берилган. Томорқада етиштирилган маҳсулотни сотиб олиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида туманларда экспортга кўмаклашувчи корхоналар очилган. Кооперация асосида сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш мажмуалари ташкил этилган. Буларнинг барчаси аҳолини сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш баробарида, янги иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилмоқда.
Ҳа, бугун аҳоли томорқаси - тўкинликнинг бош бўғинига айланиб бормоқда. Бу борада вилоятимиздаги 899 та маҳалладаги 631 минг хонадон ихтиёрида 69 минг гектар томорқа ерлари мавжуд. Бугун самарқандликлар учун бу томорқалар- шунчаки эгалик қилиб олинган майдон эмас, даромад ва фаровонлик манбаига айланган. Буни амалда исботлаб улгурганлар ҳам талайгина. Яъни, вилоятда томорқаси бор хонадонларнинг қарийб 60 фоизи ундан йилига уч марта ҳосил олишни уддалаяпти. Шу аснода ҳудудда ўтган 2024 йилда 2,4 миллион тонна маҳсулот етиштирилган.
Томорқачиларни “бошини бириктирувчи” лойиҳа - "Бир маҳалла - бир маҳсулот" тамойиллари асосида маҳаллаларни юқори даромадли озиқ-овқат экинлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қилинаётган амалиёт ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда. Шу мақсадда бугун вилоятдаги 750 та маҳаллалар бир турдаги маҳсулотларни етиштиришга ихтисослаштирилмоқда. Мисол учун, Булунғур туманидаги 33 маҳаллада саримсоқпиёз ва помидор, Жомбойдаги 23 маҳаллада саримсоқпиёз ва булғор қалампири, Каттақўрғон туманидаги 41 маҳаллада қулупнай ва малина, Оқдарёдаги 20 маҳаллада гулчилик, Нурободдаги 21 маҳаллада парранда, Самарқанддаги 46, Тойлоқдаги 30 маҳаллада кўкат, Пахтачидаги 35 та маҳаллада сабзавот кўчатлари, помидор, булғор қалампири етиштириш йўлга қўйилган.
Томорқаларга сув боряпти
Албатта, томорқа экинларини етиштиришда уруғлик, минерал ўғит ва зарур техникалар билан бирга суғориш тизими созлиги ҳам муҳим ўрин тутади. Бу борада вилоятда томорқа ер эгаларига суғориш тизимида зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2020-2024 йилларда сув таъминоти оғир бўлган 138 та маҳаллада 317 та катта ҳажмдаги артезиан қудуқлари қазиб берилган. Натижада 22 мингга яқин хонадоннинг 2,3 минг гектар ер майдонида сув таъминоти яхшиланган.
Жорий йилда ҳам Президентимизнинг “Камбағалликдан - фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ҳудудлардаги суғориш тизими оғир бўлган 93 та маҳаллада артезиан қудуқ қазиш, ариқларни бетонлаш ва сув тармоқларини тортиш учун 189 миллиард сўм ажратилмоқда.
Бу борада Нарпай туманидаги “Болғали” маҳалла фуқаролар йиғини экин ерлари ҳам сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардан саналади. Юқоридаги қарор ижроси юзасидан ушбу маҳалладаги суғориш тизими яхшиланмоқда.
- Маҳалламизда 752 та хонадон мавжуд, - дейди мазкур маҳалла ҳоким ёрдамчиси Келдиёр Эргашев. - Аҳолимизнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида маҳалламизда артезиан қудуқлари қазилиши ва мавжуд ариқларни бетонлаштириш орқали хонадонларнинг сув таъминоти яхшиланишини мақсад қилинган. Илгари беда экиб, ҳар ўроқда зўрға суғориладиган томорқаларимизга сув келиши ортидан, турли экинлар экиш, юқори даромад олиш имкони яратиляпти. Бундан аҳоли мамнун.
Томорқа ҳадя этаётган бахт
Ҳа бу каби имкониятлардан фойдаланиб, ўз томорқасини гуллатаётган ушбу туман миришкорлари, аввало, оиласи манфаати учун ва шу эл учун хизмат қилмоқда. Бу хайрли ташаббусни ҳукумат даражасида эътироф этилиши эса томорқа эгаларига янада шижоат бағишламоқда. Тумандаги томорқа эгаларига яратилаётган бу каби енгилликлардан унумли фойдаланаётган Ҳаким Расулов ҳам кафтдек ердан самарали фойдаланиб, оиласи фаровонлигини оширмоқда, бозорни арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга ҳисса қўшмоқда.
- Ягона мақсадим, бозорларимиз тўкинлигига хизмат қилиш, жаннатмакон юртимиз ноз-неъматларини ўзга ўлкаларга кўз-кўз қилиш, экспортни йўлга қўйишдан иборат - дейди “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби, томорқачи Ҳаким Расулов. - 20 сотих томорқам бор ва йилига уч мартагача экин экаман ва оилам фаровонлиги ҳам шу томорқа даромадидан. 2010 йилдан бошлаб томорқамда гулкарам етиштиришни бошладим. Тажрибамдан кўрдимки, бу экин маҳалламиз иқлим шароитига тўла мос келади ва яхши ҳосил беради. Қолаверса, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳалладошларимга ҳам шу экинни экиш, маҳсулот етиштириш, даромад олиш йўлларини ўргатиб, кўчатларини тайёрлаб беряпман. Ҳозирда маҳалламизнинг ўзида 60-70 дан ортиқ оила гулкарам етиштиришни йўлга қўйди ва меҳнати ортидан яхшигина даромад топяпти. Томорқалиларга, қолаверса, деҳқон-фермерларимизга экин етиштиришдаги тажрибаларимга таяниб, сабзавот навларини экишни тавсия қиламан. Мазкур навларнинг ҳосилдорлиги хорижникидан қолишмагани ҳолда лаззатли, тез ҳазм бўлади ва пишади, биохимиявий таркиби фойдали элементларга бой. Қишлоқ хўжалиги, хусусан, деҳқончиликка эътибор, имкониятлардан янада кўпроқ фойдаланишимиз лозим.
Дарҳақиқат, инсоннинг нияти яхши бўлса, у оддий томорқачи бўлса ҳам элда эъзоз топади, меҳнати эътироф этилади. Аслида юртимизнинг ҳар бир қарич ери бебаҳо. Унда меҳнат қилган киши кам бўлмайди, ризқини топади.
“Иккинчи нон” деҳқоннинг нони
Картошкачилик вилоятда асосий драйвер соҳалардан бири ҳисобланиб, республикада етиштириладиган картошканинг 25-30 фоизи шу вилоят ҳиссасига тўғри келади. “Иккинчи нон” дея таъриф берилувчи картошка, бугун вилоятдаги кўпчиликнинг нонига айланган. Ҳозирги кунда Булунғур, Жомбой, Тойлоқ, Самарқанд ва Ургут туманларидаги 173 маҳалла картошкачиликка ихтисослашган. Жорий йил баҳорда асосий экин сифатида 39 минг гектар (шундан 21 минг гектар фермер хўжаликларида, 18 минг гектар аҳоли томорқаларида) майдонда картошка экилди. Эндиликда ушбу майдонлардан 1 миллион 100 минг тонна картошка олиш кутилмоқда.
- Бугун картошкани истеъмол қилмайдиган одам йўқ. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда картошка етиштириш 3-4 баробар ортганига қарамай, истеъмол қилиш миқдори янада ошиб кетди. Картошка нархининг ўсишининг олдини олишни бирдан-бир йўли сабзавотчилик фермер хўжаликларида ва томорқаларда картошка экиладиган майдонлар миқдорини ошириш, қолаверса, ҳосилдорликни кўтаришдан иборат. Агар хўжаликлар ўз оиласига етарлиб даражасида картошкани томорқасига экса, бозорда сотмаганида ҳам, картошкага сарф этиладиган харажатни иқтисод қилиб қолади. Медицина томонидан белгиланган талабга кўра, бир киши овқатланиши учун зарур бўлган картошканинг йиллик миқдори 50,4 килограммни ташкил этади. Аҳамият қаратинг. Бир сотих ердан камида 400 килограммгача картошка олиш мумкин. Бу оиладаги 6-8 жонни картошкага бўлган талабини қондиради, -дейди булунғурлик картошка етиштирувчи Муҳаммад Алиқулов.
Томорқадан экспортга
Ҳа, бугун дунёда органик маҳсулотларга талаб ўсиб бормоқда. Европа ва бошқа хорижий мамлакатларда тайёр сертификатланган органик маҳсулотлар харидоргир. Маълумот учун, органик усулда етиштирилган 1 килограмм узум 9 доллардан, оддий усулда етиштирилган узум 1-5 долларгача экспорт қилинмоқда. Мисол учун, органик сертификат эга бўлган Иштихон туманидаги “Sunny Fruit Agroplus” МЧЖ томонидан Зарбанд маҳалласидаги 58 та хонадондаги 7,5 гектар ер майдонида етиштирилаётган органик узумларни парваришлаб, сотиб олиб экспортга юбормоқда. Шу аснода ўзаро манфаатли ҳамкорлик вужудга келяпти.
Томорқачилик ривожининг аҳамияти бугун нафақат биргина оиланинг моддий манфаатига, балки республика иқтисоди юксалишига ҳам дахлдордир. Хулоса ўрнида айтганда, томорқа - қанча экин экиб фойдалансанг, шунча зиёда бўладиган хазина, беминнат қўшимча даромад манбаи. Кимки ерни эъзозласа, уни боқса, у ҳам эгасини боқади.
Шуҳрат Нормуродов.