2020 йил учун мўлжалланган маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирлари рўйхати эълон қилинди

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2020 йилда маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларининг ягона тақвимини тузди.

Ягона тақвимда Ўзбекистон ҳудудида ўтказиладиган 90 га яқин маҳаллий ва халқаро тадбирлар рўйхати, уларнинг турлари, жойлашган жойи, санаси ҳамда ташкилотчилари кўрсатилган.

Хусусан, тақвимдан Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган 21 та фестиваль ва тадбирлар рўйхати келтирилган. Жумладан, март ойида Жомбой тумани Қўнғирот маҳалласи ҳудудида вилоят ҳокими соврини учун улоқ-кўпкари мусобақаси, апрель ойида Самарқанд шаҳридаги кўргазмалар залида «Амалий санъат – истиқболли ёшлар қўлида» республика ёш ҳунармандлар маҳсулотлари кўргазмаси танлови, май ойида «Asiavision» - Осиё мамлакатлари хонандалари ўртасида эстрада қўшиқлари танлови ўтказилади.

- Мазкур тақвимни яратишдан асосий мақсад хорижий сайёҳларни юртимизга жалб қилиш ва Ўзбекистон брендини халқаро туризм бозорида кенг тарғиб қилишдан иборатдир, - дейилади Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабарида. - Тақвимдан халқаро конференциялар, семинарлар, халқаро ва миллий кўргазма ва ярмаркалар, миллий чолғу асбоблари концертлари, спорт мусобақалари ва тадбирлари, миллий ҳунармандчилик соҳасидаги тадбирлар, театр ва кўнгилочар томошалар ва миллий ўйинлар, туристик ва маданий мерос объектларида ўтказиладиган тадбирлар ўрин олган.