2020 йилда Самарқанд шаҳар жамоат транспортида нима ўзгаради?

Самарқанд шаҳри ва шаҳар атрофи йўналишларини замонавий, барча қулайликларга эга бўлган транспорт воситалари билан таъминлаш, ҳайдовчилар ҳамда техник ҳодимларнинг малакасини ошириш мақсадида замонавий автобусларга сервис хизматини кўрсатиш тизимини жорий этиш учун Хитой Халқ Республикасидаги “Foton”, “Yutong”, “Asiastar”, “Zhontongbus” автомобиль заводлари ўрганилмоқда.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов ташаббуси билан транспорт бошқармаси бошлиғи И.Хамраев томонидан Хитой автобус заводларида музокаралар ўтказилди.

2020 йилда Самарқанд шаҳрига 100 та катта ҳажмли (9,5 метр), барча қулайликларга эга бўлган замонавий автобуслар олиб келиш ҳамда шаҳарнинг аэропорт, темирйўл вокзали ва марказий кўчалари орқали ҳаракатланадиган йўналишларга жойлаштириш режалаштирилган.

Ушбу автобуслар 2020 йилнинг 2-чорагида олиб келиниши ва марказий кўчалар орқали ҳаракатланадиган автобус йўналишларига қўйилиб, мавжуд йўналишларда ишлаб келган “Исузу” русумли автобусларни шаҳар атрофи йўналишларига чиқариш режалаштирилган.

Шаҳарда йўловчи ташувчи корхона ташкил этиш ва қулай шароитларга эга замонавий автобуслар ҳамда енгил йўналишсиз таксилар билан таъминлашни босқичма-босқич янгилаб бориш, йўловчи ташиш транспортининг иқтисодий жиҳатдан фойдали ва экологик тоза турларини комплекс ривожлантириш, аҳолини транспорт хизматлари билан таъминлаш сифатини ошириш, йўловчилар ташиш хавфсизлигини кўчайтириш масалалари кўзда тутилган. Соҳада бозор муносабатларини ривожлантириш асосида табиий газда ва электр энергиясида ишлашга мослашган транспорт воситаларидан самарали фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш, транспорт воситаларига сервис хизматлари кўрсатиш, газ ва электр энергия қуйиш шохобчаларини ташкил этиш режалаштирилган.

Самарқанд шаҳрига қўшни вилоятлар, туман марказлари ҳамда қишлоқлардан кириб келадиган транспорт воситаларининг тирбандликлар келтириб чиқишининг олдини олиш мақсадида шаҳарнинг чекка нуқталаридан, яъни Самарқанд шаҳрининг Чўпонота массивида замонавий автовокзал, Қорасув массивидан, Самарқанд туманининг Чумчуқли, Гулобод ҳамда Паст Дарғом туманининг Чортут маҳаллаларидан 1 тадан жами 4 та автостанция қуриш белгиланган.

Ушбу автостанциялар қурилиши натижасида шаҳар атрофидан кириб келаётган йўловчи ташиш йўналишлари, шаҳардаги йўналишлар билан боғланади ва шаҳарда турли хил тирбандликлар камаяди, аҳолига қулай шарт-шароитлар яратилади.

Шаҳардаги мавжуд оралиқ бекатларнинг бир хиллигини таъминлаб, босқичма-босқич янгилаб бориш ҳамда йўловчиларга замонавий шароитлар яратиш ҳам назарда тутилган.

Президентимизнинг 2019 йил 6 мартдаги ПҚ-4230-сонли қарори асосида тасдиқланган “Йўловчи ва юк ташишни янада ривожлантириш бўйича йўл харитаси”нинг 18-бандида Транспорт вазирлигига ҳудудий режалаштириш учун транспорт тизимини макро ва микро моделлаштириш вазифаси юклатилган.

Мазкур қарорга асосан Транспорт вазирлиги томонидан “А+С Транспроект” компанияси (Россия) билан Самарқанд шаҳри транспорт тизимини ривожлантиришнинг самарали механизмларини яратиш ва амалиётга жорий этиш юзасидан музокаралар олиб борилди.

Музокаралар натижасида Транспорт вазирлиги томонидан транспорт тизимини метаматик моделлаштириш орқали таҳлил қилиш имконини берадиган замонавий технологиялар ва дастурий таъминот жамланмасини харид қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Самарқанд шаҳри транспорт тизимини комплекс ривожлантириш режаси хавфсиз ва қулай пиёдалар йўлакларини, велосипед ва электротранспорт инфратузилмаларини жорий этишни, шунингдек, йўл ўтказгичлар самарадорлигини оширишни, аҳолининг кунлик транспортга сарфлайдиган вақтининг тежалишини, шаҳарда транспорт ҳаракатини мақбуллаштиришни ўз ичига олади.

Бугунги кунда шаҳар транспорти йўналишларини тубдан кўриб чиқиб, уларни ўзгартириш, яъни узайтириш, қисқартириш ва шаҳар йўлларида аҳоли сонига қараб, кўчалар бўйича йўналишларни жойлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.