2020 йилнинг баҳори эрта келди(ми?)

Ҳали февраль ойи эндигина кириб келгандаёқ ижтимоий тармоқларда бойчечак чиққанидан дарак берувчи суратлар тарқала бошлади. Ҳали олдинда қишнинг бир ойи бўлгани учунми, кўпчилик баҳорнинг илк белгиси - матонатли бойчечакка шафқат билан қараб қўйишгандай бўлди. Ҳали олдинда қор-ёмғирлар, довуллар бор, нобуд бўларканда бу миттигина гул, дея қарашда унга.

Аммо табиатнинг ўз қоидалари бор. Айниқса, кўклам билан қиш орасидаги мувозанат шунчалик нозикки, кези келганда, қиш чиқиб, баҳор кирганини ҳис қилсак-да, ақлимиз билан илғаб ололмаймиз. Эҳтимол, қишнинг совуқ ҳавоси, кундалик юмушлару ташвишлар кўнглимизни қайсидир муддатга тўнглатиб қўяр…

Эҳтимол, қишнинг тузук-қуруқ бўлмагани, илгаригидай қорнинг бостириб ёғмагани-ю, иримига бўлса ҳам қор курмаганимиздан алланечук ўксиб, баҳорнинг эрта келиб қолганидан ранжиб ҳам қолармиз.

Аммо бизнинг ўй-хаёлларимиз табиат қоидалари билан ҳар доим ҳам ҳамоҳанг келавермайди. Балки, олдинда ҳали қор, ёғингарчиликлар бўлар. Аммо бу йилги баҳорнинг илк чечаги юз очди. Демак, баҳор яқин, юртга кўклам нафаси урилди. Буни эрта тонгда туриб, баҳордай ўйноқи, саррин еллардан баҳраманд бўлиб, тўйиб-тўйиб нафас олаётган ва ич-ичидан «етказганига шукур», деб қўяётган кўнгиллар ҳам тасдиқлайди.