2022-2023-ўқув йилидан мактаб битирувчиларининг шаҳодатномалари электрон шаклда берилади

Мактаб таълими соҳасида амалга оширилаётган жараёнларни рақамлаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни олдини олиш мақсадида 2022-2023-ўқув йилидан бошлаб мактаб битирувчиларига электрон шаҳодатнома бериш тартиби жорий этилмоқда.

Ҳукуматнинг тегишли қарори асосида мазкур электрон шаҳодатноманинг давлат намунаси ҳамда шаҳодатномаларни бериш тартиби тасдиқланди.

Айни вақтда электрон шаҳодатнома платформаси (e-shahodatnoma.uz) ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идораларнинг электрон базасига интеграция қилинмоқда.

Ушбу янгилик ўқувчиларга қандай қулайликлар яратади?

Мактаб битирувчилари энди ўз шаҳодатномасини ёнида олиб юриши талаб этилмайди. Олий ўқув юртига ҳужжат топшириш учун Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг (собиқ ДТМ) «ABITUR» дастурига интеграция қилинган ҳолда ҳужжатларни онлайн топшириш имконияти яратилади.

Шу билан бирга, битирувчилар тўғрисидаги маълумотларнинг шаффофлиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш учун Адлия вазирлигининг Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш бўлимлари ҳамда Персоналлаштириш агентлигига интеграция қилинади.

Маълумот учун: электрон шаҳодатномага QR-код тасвири туширилиб, уни исталган вақтда электрон платформа орқали текшириб олиш ёки шаҳодатнома йўқотиб қўйилган тақдирда дубликат олиш учун овора бўлмасдан шу захотиёқ электрон базадан қайта юклаб олиш мумкин бўлади.