2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб қувватлаш йили: Тадбиркорликка қўл урган ёшларни илм бирлаштиради

Бугун ижтимоий тармоқлар пул топиш, бизнес қилиш каби постлар билан тўлиб-тошган. Лекин саволлар туғилади: Бизнес нима? У билан шуғулланиш учун нима қилиш керак? Бизнес учун ўқиш шартми? У фақат таваккалчиликка асосланганми?

Тан олиб айтиш керак, тадбиркорлик бугун муҳим соҳалардан бирига айланди. Айниқса, ўсиб келаётган биз каби ёш авлод бу йўналишга кириб, муваффақиятга эришаётганини кўриш кишида фахр туйғусини уйғотади.

Қайси соҳа вакили бўлишидан қатъий назар инсон билимли бўлса ютади. Университетимизда талабалар орасида ўз мутахассисликларидан ташқари тадбиркорликка, спортга ёки бирор ҳунарни ўрганишга қизиқиши бўлган йигит-қизлар учун имкониятлар яратилган. Ундан унумли фойдаланаётган ёшлар қатор ютуқларга эришиб келяпти.

Хусусан, университетнинг психология ва ижтимоий-сиёсий фанлар факультети битирувчиси Хуршида Раҳмонова нодавлат таълим ташкилоти асосчиси ҳисобланади. Муассасада 100 нафар болага мактабгача ва бошланғич таълим бериб келинмокда. Аҳамиятлиси, бу ёш тадбиркор 12 кишини иш билан таъминлади.  Битирувчиларимиз орасида Х.Раҳмонова каби ишбилармонлар талайгина. Ҳар қайсиси бир-бири билан ҳамкор, ҳамфикр. Уларни бирлаштириб турадиган ягона восита, албатта, илмдир.

Талабаларнинг мутолаага бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг университетдаги бошланғич ташкилоти координаторлари билан бирга турли сўровнома ва викториналар ўтказиб, унда ғолиб бўлган йигит-қизларга китоблар совға қилиш анъанага айланди.

Университетнинг филология факультети талабаларидан иборат бўлган «Беҳбудий издошлари» театр жамоаси томонидан жойларда спектакллар намойиш этилмоқда. Хусусан, мазкур жамоа 2023 йилда ўтказилган «Маърифат майдони» республика танловида иккинчи ўринни эгаллаб, 25 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Талабаларнинг интеллектуал билимларини ошириш учун заковат ўйинлари, нотиқлигини шакллантиришга қаратилган «Мунозара» дебат турнирлари, “Навоийхонлик” ва “Бобурхонлик” бадиий кечалари ўтказиляпти. Чет тилларини ўрганишни янада оммалаштириш мақсадида «Speaking club», ҳуқуқий саводхонлик ва бошқа бир қатор лойиҳалар амалга ошириляпти.

Самарқанд давлат университети математика факультети талабалари Тоштемир Абдураҳмонов, Ислом Холмуродов ҳамда интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультети талабаси Жаҳонгир Темировлар республика олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган "ТЕКНОФЕСТ" муҳандислик технологиялари фестивалида ғолибликни қўлга киритиб, пул мукофотлари ва махсус сертификатларга эга бўлди. 2023 йилнинг 4-5 май кунлари талаба ва ўқувчиларнинг маънавий юксалишига кўмаклашиш марказида «Илҳом» мукофоти учун ўтказилган танловнинг республика босқичида филология факультети талабаси Шаҳризод Шодиев ғолиб бўлди.

2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб қувватлаш йилида хайрли ишларимиз ва ютуқларимиз янада ортишига умид қиламиз. Бунинг учун йил аввалидан ҳаракатлар бошланиб кетди. Университет битирувчиларининг аксарияти келажакда ёш авлодга таълим-тарбия бериш билан шуғулланишини инобатга олиб, етук мутахассис бўлишлари учун қўшимча машғулотлар ташкил этилмоқда. Таълим йўналишида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, мамлакатимизда таълим сифатининг яхшиланишига озгина бўлса-да ҳисса қўшиш истагида бўлган ёшларнинг ҳам илмли ишбилармон бўлишларига кўмаклашилмоқда. Университетимизда талабалар учун таниқли тадбиркорлар Дилшод Шукурлаев ҳамда Салай Маткаримов иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилди.

Аллаёр Норбоев,

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ёшлар етакчиси.