2024 йилдан абитуриентлар қабули ўзгаради

Кейинги йилги қабулдан ОТМга ҳужжат топширган абитуриентлар аввал кириш имтиҳонларида қатнашиб, сўнгра тўплаган баллига қараб йўналишларни танлаши мумкин бўлади. Бу тартиб ҳақида “Энди ҳамма ўқишга кириб кетаркан-да”, деб ўйлаганлар ҳам бор.

Аслида, янги тартиб қандай ишлайди? Ҳамма ўқишга кирадими ёки фақат билимлиларми?

Янги тизим қандай ишлайди?

Ҳозирги тизим бўйича абитуриентлар дастлаб 1 ой муддат давомида ОТМларга кириш учун рўйхатдан ўтади. Бунда улар 5 та таълим йўналиши ва таълим шаклларини танлайди. Лекин абитуриент қанча балл тўплашини олдиндан билмайди. Масалан, бир абитуриент ўзи ҳақида нотўғри прогноз қилиб, танлаган йўналишларига қараганда камроқ балл тўплаши, бошқаси эса топширган йўналишларига қараганда анча юқори балл тўплаши мумкин. Шунинг учун тўплаган баллари аниқ бўлгач абитуриентларда "Мен танлаган йўналишларимни ўзгартирсам бўладими?" деган савол ҳам пайдо бўларди. Лекин бунинг иложи йўқ эди.

Кейинги йилдан янги тартиб ишга тушса, рўйхатдан ўтиш 2 босқичдан иборат бўлади. Биринчи босқичда абитуриентлар агентлик тизимига ўзининг шахсий маълумотлари билан биргаликда фақатгина тест топшириш фанлари, тест топшириш тили ва жойини танлайди. Лекин ОТМлар ва йўналишларни танламайди. Дастлабки маълумотлар абитуриентларнинг тест синовида иштирок этиши учун етарли бўлади, холос. Сўнг абитуриентлар имтиҳонга кириб чиқади. Мана шундан кейин абитуриентнинг қўлида ўз тўплаган балли бўлади ва у прогноз қила олади.

Масалан, абитуриент имтиҳонда 120 балл тўплаган ва у тиббиёт олийгоҳларига контрактга ўтиш балли 150 дан кам бўлмаслигини билади. Тиббиёт йўналишларини танласа, кира олмаслиги эҳтимоли юқори. Буни олдиндан тўла прогноз қилиб бўлмаслиги мумкин, бироқ олдинги йиллардаги ўтиш балларига асосланиб, анча аниқ қарор қабул қилиш мумкин. Шунда абитуриент балли пастроқлигини ҳисобга олиб, бир йил йўқотмаслик учун биология йўналишини танлаши мумкин.

Ёки тескари ҳолат ҳам бўлиши мумкин. Ўзим абитуриент бўлган вақтда бир курсдошим пойтахтдаги ОТМга грантга кира олмайман деб вилоятдаги ОТМга ҳужжат топширган. Лекин у жуда юқори балл тўплаганди ва балли бемалол Тошкентдаги ОТМларга грантга етарди.

Янги тизимда абитуриент аввал имтиҳон топшириб, кейин йўналиш танласа, бу каби абитуриентлар тўғри танлов қила олиши мумкин. Тизимнинг мақсади шундай.

Энди ҳамма ўқишга кириб кетадими?

Бунақа нарса йўқ. ОТМларга қабулда квота бор, ўринлар чекланган. Ҳар қанақа тизим ишлаганда ҳам қабул учун 200 минг ўрин бўлса (млн абитуриентга нисбатан), бу ҳамма ҳам бирдай талаба бўлмаслигини англатади.

Билимлилар кўпроқ сараланади

Аввал тест, сўнг йўналиш танлаш имкони бўлса, билимли абитуриентлар кўпроқ танлаб олинади. Ҳозирги ҳолатда 140-150 балл тўплаб ўқишга кира олмаган абитуриентлар бор. Аксинча, 100 баллдан ҳам паст тўплаб грантга ўқишга кирганлар ҳам кўп.

Агар абитуриентлар ўзи тўплаган баллни йўналиш танлашдан олдин билса, у ўз имкониятларини ҳисобга олиб танлов қилади. Ва балларда ҳам баланс пайдо бўлади. Яъни, ҳамма билими етган жойга боради.

5 та йўналиш танлаш имкони чекланмайдими?

Йўқ, ҳозирги режага кўра, 5 та йўналиш танлаш, танлов устуворлигини, таълим шаклларини танлаш имкониятлари сақланган, олиб ташланмаган. Агар ҳукумат қарори қабул қилинишида бирор ўзгариш бўлмаса, абитуриентларда шу пайтгача бор бўлган имкониятлар олиб ташланмайди. Фақат янги тизимга муваффақиятли ўтиб олиш масаласи кўриляпти.

Абитуриентлар нималарни ҳисобга олиши керак?

Юқорида айтилганидек, ҳужжат топшириш 2 та босқичда бўлади ва абитуриентлар ўз имкониятларини ҳисобга олиб, тўплаган балларига қараб прогноз қила олишлари керак. Асосийси, қайси фанлардан имтиҳон топширишларини билишлари ва шунга қараб тайёргарлик кўришлари керак.

Манба