2030 йилгача технологиялар ҳар бир ҳаракатда одамга ҳамроҳлик қилади

Технологик дунё шу қадар тез ўзгариб бормоқдаки, кўпчилик кечаги хаёлий режалар кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланиб қолганини сезмаяпти ҳам. Мутахассислар келгуси йиллар кутилганидан катта ўзгаришлар бўлишини айтмоқда.

Қайси соҳалар муҳим йўналишга айланиши аллақачон маълум. Айнан шу соҳалар янги турмуш тарзини, иш ва мулоқотни шакллантиради. Жадал ривожланиб бориши ортидан сунъий интеллект биринчи бўлиб кўзга ташланмоқда. У воситачи бўлишни тўхтатади ва жараёнларнинг тўлақонли иштирокчисига айланади.

Компаниялар сунъий интеллектни тиббиёт, таълим, логистика ва энергетика соҳаларида жорий қилмоқда. Бу нафақат иш тезлигини, балки қарор қабул қилиш ёндашувини ҳам ўзгартиради.

Иккинчиси, автоном тизимлар. Янада ишончли ва аниқ ҳаракат қилаётган роботлар ва дронлар аллақачон қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва қутқарув ишларида ёрдам бермоқда. 2030 йилга бориб уларнинг роли янада ошади.

Учинчи йўналиш - хусусий тиббиёт. Генетик тадқиқотлар ва катта маълумотлар таҳлили беморларга аниқ ташхис қўйиш ва тўғри даволаниш имконини яратади. Бу эса хавфларни камайтириб, даволаш самарадорлигини оширади. Беморлар ўз соғлиғини кўпроқ назорат қила олади.

Тўртинчиси, “ақлли” шаҳарларнинг ривожланиши. Инфратузилма тобора рақамлашиб, аҳоли эҳтиёжларини қондириб боради. Транспорт, энергетика ва хавфсизликни бошқариш тизимлари реал вақтда ишлайди. Бу мегаполисларни янада қулай ва экологик тоза қилади.

Бешинчидан, дунё бўйлаб ёқилғига қарамликни камайтириш йўллари қидирилмоқда. Қуёш панеллари, водород технологиялар ва аккумуляторларнинг ривожланиши янги имкониятларни очади. Бу албатта, иқтисодиёт ва сиёсатга таъсир қилмай қолмайди.

Компаниялар рақамли офисларни, фойдаланувчилар эса шахсий дунёларини яратади. Бу масофавий иш ҳақидаги тушунчаларни ўзгартиради.

2030 йилга келиб жисмоний ва рақамли дунё ўртасидаги чегаралар янада “юпқалашади”, деб таъкидламоқда мутахассислар. Технологиялар ҳар бир ҳаракатда одамларга ҳамроҳлик қилади.

Имкониятлар билан бирга янги муаммоларнинг пайдо бўлиши хавфи ҳам мавжуд. Вақти-вақти билан хавфсизлик, махфийлик ва ахлоқ масалалари назорат қилиниши лозим.

Технологик тараққиётни тўхтатиб бўлмайди. Лекин уни бошқариш мумкин. Аниқроғи, бугун қабул қилинган қарорлар эртанги кунимизни белгилаб беради.