2040 йилгача 33 та давлат сув тақчиллиги билан тўқнашиши мумкин: Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор

Маданиятимиз ва урф-одатларимизда сувни қадрлаш, уни тоза сақлаш бўйича кўплаб мақол ва амалиётларнинг мавжудлигига қарамасдан, ҳаёт учун зарур бўлган ушбу неъматни ҳаддан ташқари кўп исроф қиляпмиз.

Агар сувни тежаш маданиятини барчамиз ўзимизга сингдирмасак тоза сув танқислиги иқтисодий, ижтимоий ва ҳатто сиёсий муаммоларга олиб келади.

Дунё ресурслари институти тахминларига кўра, 2040 йилга келиб жаҳоннинг 33 давлати сув тақчиллиги билан тўқнашади. Улар орасида Марказий Осиё давлатлари ҳам бор, жумладан, Ўзбекистон ҳам.

Шунга қарамасдан, хонадонларда, айниқса, ҳовли-жойларда сув исрофгарчилигига йўл қўйилмоқда. Жумладан, хонадонлардаги сузиш ҳавзалари, бассейнлар барпо этиб, уларни ичимлик суви билан тўлдиряпмиз.

Вилоятимизда салкам 275 минг ичимлик суви истеъмолчилари мавжуд бўлиб, уларнинг 124 мингги, яъни 45 фоизи сувдан ҳисоблагичсиз фойдаланади. Ҳисоблагич ўрнатмасдан фойдаланаётган истеъмолчилар салмоғи Ургут туманида 93 фоиз, Нарпай туманида 89 фоиз, Тойлоқ туманида 85 фоиз, Пахтачи туманида 81 фоиз, Паст Дарғом туманида 62 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлда имзоланган "Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорида ичимлик сувидан ҳисоблагичсиз фойдаланувчи истеъмолчилар учун нархлар 1,5 баробар қиммат қилиб белгиланган.

Шу сабабли, вилоятимиз аҳолисига ичимлик сувидан оқилона фойдаланишни, сув ҳисоблагич мосламалари ўрнатиш орқали ичимлик суви ва ўз даромадларини иқтисод қилиш имкониятига эга бўлишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Зеро, биздан кейинги авлодлар ҳам асрлар давомида табиат неъматларидан беминнат баҳраманд бўлиши, барчамизнинг сувдан фойдаланиш маданиятини ўзлаштиришимизга боғлиқ.

Комилбек Юсупов, "Самарқанд сув таъминоти" МЧЖ директори.