22 март - Халқаро оби ҳаёт куни: 2030 йилда 700 миллион инсон сув танқислиги боис кўчишга мажбур бўлади
Сайёрамизда ҳар йили 22 март – Халқаро оби ҳаёт куни сифатида нишонланади. 1992 йилда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган БМТ коференциясида шу ҳақда қарор қабул қилинган эди.
Аслида сув – ҳаёт манбаи. Оламнинг борлиги ҳам сув туфайли. Бекорга коинотдаги турли сайёраларда ҳаёт нишоналари бор ёки йўқлигини аниқлашга қаратилган ҳаракатлар сувни излашдан бошланмайди. Сир эмас, курраи заминимизнинг 70 фоизи сув билан қопланган бўлса-да, унинг 97,5 фоизи шўр сув, яъни фойдаланишга яроқсиз. Қолган 2,5 фоиз чучук сув захираларининг қарийб 68,7 фоизи музликлар ҳиссасига тўғри келиши ҳам сув нақадар бебаҳо ва танқис неъмат эканлигидан далолат беради. Қисқа қилиб айтганда, умумий сув захираларининг атиги бир фоизигина ичиш учун яроқлидир. Шу боисдан ҳам бугунги кунда дунёдаги 663 миллион инсон яқин атрофдаги ичишга яроқли сув манбаидан маҳрумдир.
Йигирманчи асрга келиб сувдан фойдаланиш миқдори аҳоли сонига нисбатан 2 бараварга ошгани ҳолда, оби-ҳаётни исроф қилиш даражаси ҳам кўпайиб кетди. Жумладан, ривожланган давлатларда чучук сувнинг 30 фоизи техник сабабларга кўра увол бўлса, айрим йирик шаҳарларда бу борадаги рақам 70 фоизни ташкил этади.
Хўш, БМТдек нуфузли халқаро ташкилот доирасида 22 март – Халқаро оби ҳаёт куни деб эълон қилиниши инсониятга нима беради ва бу сана нишонланишидан мақсад нима? Албатта, бу борада муайян даражада чеклов ёки оби ҳаётдан белгиланган меъёрлар даражасида фойдаланиш хусусида тартиб-таомиллар ўрнатилиши хусусида гап бўлиши мумкин эмас. БМТ 22 март масаласида бундай қарорга келишдан мақсад содда қилиб айтганда, ҳаёт мавжудлиги, Ердаги тараққиёт сувга ҳам боғлиқ эканини инсониятга эслатиш, бу борада бонг уришдир.
Айрим маълумотлар:
- сайёрамиздаги 2,1 миллиард инсон сувдан фойдаланиш имкони бўлмаган уйларда яшайди;
- дунёдаги мактабларнинг чоракдан бир қисми тоза ичимлик суви манбаига уланган эмас ва болалар хавфсиз сувдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган;
- ҳар куни дунёда 700 га яқин бола хавфсизлиги кафолатланмаган ва санитар шароитлари ёмон сувни истеъмол қилиш туфайли ҳаётдан кўз юммоқда;
- дунёдаги хавфсизлиги кафолатланмаган сувдан фойдаланувчиларнинг 80 фоизи қишлоқ ҳудудларда истиқомат қилади.
- дунёдаги 159 миллион инсон истеъмол ва рўзғорда фойдаланиш учун ичимлик сувини булоқ ва бошқа табиий манбалардан ташиб келтиради;
- 2030 йилга бориб камида 700 миллион инсон сув танқислиги туфайли бошқа ҳудудларга кўчиб ўтишга мажбур бўлади.