22 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди

Самарқанд вилоят суди раиси Олим Ҳайитов Самарқанд шаҳрида фуқаролар билан учрашув, давра суҳбати ва сайёр қабул ўтказди. Тадбирда шунингдек, Самарқанд шаҳар судлари судьялари ҳам иштирок этишди. Қабул жараёнида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилди.

Дастлаб, йиғилганлар билан учрашув ўтказилди. Учрашувда вилоят суди раиси Олим Ҳайитов йиғилганларга бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, қонунчиликдаги янгиликлар, давлатимизнинг бу соҳадаги одилона сиёсати ҳақида тушунча беришди.

Шундан сўнг, сайёр қабул ташкил этилди. Сайёр қабулда 40 га яқин мурожаатлар бўлди. Шундан қонунга мувофиқ келадиганлари ижобий ҳал қилинди ва қолганларига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Сабаби, суд-ҳуқуқ масалаларидаги мурожаатлар ҳал этилиши аксарият ҳолларда вақт ва жараён талаб қилади. 

Шунингдек, содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазосини ўтаётган 34 нафар фуқаро сайёр қабулда қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини, бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради. 

Шу ерда жиноят ишлари бўйича сайёр суд ташкил этилди. Сайёр судда ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилиб, мурожаатлар ижобий ҳал этилди. Мурожаат қилганларнинг 12 нафарининг жазоси енгилроқ жазога алмаштирилди. 22 нафар маҳкумларнинг мурожаати сайёр судда батафсил ўрганиб чиқилиб, жазони ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди.

Жазони ўташдан шартли равишда озод қилинганларга тушунтириш берилди. Давлатимизнинг инсонпарварлиги асосида тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга катта имконият берилди. Бундан тўғри хулоса чиқариб соғлом турмуш тарзида яшаш лозим, бироқ кимдир яна қинғир йўлдан кетса албатта яна панжара ортида қайтарилади, дея хабар бермоқда вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.