25 май – Бутунжаҳон қалқонсимон без касалликларига қарши курашиш куни: Сана нимаси билан аҳамиятли?

Океан ва денгизлардан узоқлик, кескин континентал иқлим шароити халқимиз саломатлигига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Айрим касалликлар борки, улар юртимизда сурункали тус олган. Шулардан баъзилари йод етишмовчилиги сабабли келиб чиқади.
Ўзбекистон йод танқислиги касалликлари кенг тарқалган эндемик минтақалар сирасига киради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўткир глобал тиббий-ижтимоий ва демографик муаммо сифатида баҳолаётган ушбу хасталик 130 дан ортиқ мамлакатда учрайди.
Дунё аҳолисининг учдан бир қисмидан кўпроғида унинг ривожланиш хавфи юқори. Шундай ҳудудларда яшовчи 740 миллион кишида йод танқислиги касалликларининг турли кўринишлари мавжуд ва уларнинг 50 миллион нафарида мия дисфункцияси ва ақлий заифлик кузатилиши кишини хавотирга солади.
Бу каби ҳолатларнинг асосий «айбдор»и — йод микроэлементидир!
Бу модда ҳаётимизда нега бунчалик муҳим аҳамият касб этади?
Йод микроэлементи инсон организмида қалқонсимон без гормонларининг нормал синтезланиши учун зарур. Етарли даражада йод истеъмол қилмаслик қалқонсимон без функциясининг бузилишига олиб келади.
Минг афсуски, ҳозир юртимизда йод танқислиги билан боғлиқ касалликларга чалиниш хавфи бўлмаган ҳудуднинг ўзи йўқ. Деярли барча аҳоли вакиллари рационида бу микроэлемент танқислиги кузатилади.
Кимга қанча йод зарур?
Йод шундай моддаки, уни инсон организми ишлаб чиқара олмайди, фақат ташқи муҳит орқали қабул қилиши мумкин.
Йодга бўлган эҳтиёж чақалоқларда кунига 50 микрограмм, 1 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларда 90 микрограмм, 7 ёшдан 10 ёшгача бўлганлар учун 120 микрограмм, ўсмирлар ва катталарда эса 150 микрограммни ташкил қилади.
Аёлларда ҳомиладорлик ва эмизиклилик даврида ёдга бўлган эҳтиёж кунига 200-300 микрограммгача ортиб кетади. Чунки онанинг танаси йодни ҳомила ёки эмизикли бола билан бўлишади.
Йод етишмаса, ёдлаш қобилияти сусаяди(ми?)
Танадаги йод миқдорининг доимий камайиб бориши ва қонда қалқонсимон гормонлар концентрациясининг пасайиши натижасида бола миясининг ривожланиши бузилади.
Йод танқислиги сабаб болада оғир клиник касалликлар, яъни эндемик бўқоқ, жисмоний ва руҳий жиҳатдан ривожланишдан орқада қолиш, ақлий заифлик пайдо бўлиши кузатилади. Йод етишмовчилигидан келиб чиқадиган асоратлар перинатал ва чақалоқлар ўлимига олиб келиши мумкинлигини ҳам унутмаслик керак.
Дунё олимларининг тадқиқотларига кўра, йоднинг нисбатан кичик танқислиги бўлган ҳудудлардаги мактаб ўқувчиларининг 10 фоизга яқинида эндемик бўқоқнинг тарқалиш хавфи мавжуд. Бундай жойлардаги аҳолининг IQ даражаси ва бошқа интеллектуал кўрсаткичлари ўртача 10 фоизга камайиши кузатилган.
Йод етишмовчилиги болаларнинг 90 фоизида нутқ ривожланишининг орқада қолиши, 80 фоизида эмоционал таъсирчанлик ва агрессия, 30 фоизида эътибор сустлиги, 20 фоизида ўз тенгдошлари ва катталар билан мулоқотнинг қийинлашуви, 10 фоизида ақлий ривожланишнинг орқада қолиши каби салбий ҳолатлар билан намоён бўлади.
Бу таҳлиллар йод етишмовчилигининг нақадар жиддий асоратларга олиб келишини кўрсатиб турибди.
Вилоятимизда соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали томонидан аҳоли орасида ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Жумладан, май ойида вилоятимизнинг барча туманларида уюшган аҳоли орасида қалқонсимон без касалликларининг олдини олиш ва эрта аниқлаш максадида эндокринолог шифокорлар томонидан мактаб ўқувчилари тиббий кўрикдан ўтказилди. Аҳолининг қалқонсимон без касалликлари хавфи бўлган қатламининг 2859 нафарида ТТГ ва Т4 гормонлари миқдори аниқланди.
Шунингдек, Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаларининг 224 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди. Улар орасида диффуз бўқоқ ва тугунли бўқоқ ташхиси аниқланган талабаларга керакли тавсиялар берилди.
Эртага, 25 май куни бу каби тадбирлар вилоятимиз бўйлаб давом этади.
Гулзода Негматова,
Ё.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали раҳбари.