28 нафар самарқандлик афв этилди

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан инсонпарварлик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжат асосида, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига кўра, содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасалари ва пробация органларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 402 нафар шахс афв этилди. 

Вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ж.Саъдуллаевнинг қайд этишича, афв этилганлар орасида 28 нафар самарқандлик ҳам бўлиб, уларнинг ўз уйларига қайтарилиши яқинларининг қалбини шодликка тўлдирди.

Афв этилганларнинг 3 нафари аёллар. 

Оиласи бағрига қайтган шахсларнинг иш ҳужжатлари билан танишаркансиз, уларнинг аксарияти 2021 йилнинг сўнгги ойлари ёки жорий йилнинг бошларида панжара ортига тушганига гувоҳ бўлиш мумкин. Шу жиҳатдан, уларнинг оиласи бағрига қайтарилиши келгусида қайта бу йўлга юрмасликлари учун катта имконият дейиш мумкин.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишлари учун тегишли чоралар кўрилади.