3 та машина иштирокида аянчли ЙТҲ содир бўлди. Қурбонлар бор

Кеча, 9 сентябрь куни тахминан соат 18:30 да Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани, Хайробод маҳалласи ҳудудидан ўтган М-39 автомобиль йўли “Тошкент-Самарқанд” йўналишининг 997 километрида “Lacetti” русумли автомашина катта тезликда ҳаракатланиб, шу йўналишда кетаётган бошқа бир “Lacetti” русумли автомашинанинг чап ён томонига урилиб, йўлни бўлиб турган бетон тўсиқни бузиб ўтиб, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб кетаётган “Kia” русумли юк автомашинаси билан тўқнашган.

Бирламчи маълумотларга кўра, катта тезликда ҳаракатланиб келган “Lacetti” автомашинасида ёнғин келиб чиққан, автомашинада бўлган ҳайдовчи ва бир нафар йўловчи ҳодиса жойида вафот этган. Қолган 3 нафар йўловчилар тиббий муассасасига ётқизилган. Иккинчи “Lacetti” русумли автомашина йўл четида ағдарилиб кетган. Автомашинада бўлган ҳайдовчи ва йўловчи тан жароҳатлари олмаган. Қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келган “Kia” юк автомашина ҳайдовчиси ҳам тан жароҳатлари олмаган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳодиса жойида тергов-тезкор гуруҳи ишламоқда. Ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот берилади.