3 тоннадан ортиқ «олтин тош» ортилган иккита машина тўхтатиб қолинди

Миллий гвардия ва ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида Навои вилояти Учқудуқ тумани "Алтинтоу" маҳалласида жойлашган “Айгул-партия” деб номланган эски олтин конидан таркибида олтин зарралари бўлган тошларни ноқонуний йўл билан қазиб олаётган Хатирчи туманида яшовчи фуқаролар Т.Ж. ва Ш.М.лар қўлга олинган.

Фуқаро Т.Ж. ўзининг бошқарувидаги "Форд" автомашинасида 17 қопга жойланган 1.264 кг оғирликдаги таркибида олтин зарралари бўлган майда тошларни, фуқаро Ш.М. эса ўзининг бошқарувидаги "Форд" автомашинасида 33 қопга жойланган 1.654 кг оғирликдаги тошларни олиб чиқиб кетаётганида тўхтатиб қолиниб, холислар иштирокида баённома расмийлаштирилган.

Таркибида олтин зарралари бўлган ушбу тошлар мутахассислар томонидан (1 гр - 604.863,5 сўм белгиланган нархда) текшириб кўрилганда фуқаро Т.Ж. томонидан ўзлаштирилган 1.264 кг оғирликдаги тошлардан 148 гр (89.000.000 сўм) миқдордаги олтин моддаси борлиги, фуқаро Ш.М. дан олинган 1.654 кг оғирликдаги тошлардан эса 234 гр (141.000.000) миқдордаги олтин моддаси борлиги аниқланган.

Миллий гвардия матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан ҳозирги кунда Навоий вилояти Учқудуқ тумани ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.