30 га яқин мамлакат триатлончилари Самарқандда беллашади
Самарқандда 7-8 сентябрь кунлари триатлон бўйича "Challenge Samarkand" халқаро мусобақаси бўлиб ўтади. Ушбу мусобақа “Challenge Family” жаҳон серияси тадбирларининг бир қисми бўлиб, икки йилдан бери Самарқандда муҳим спорт тадбирига айланди.
Ўзбекистон триатлон федерацияси, Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, вилоят ҳокимлиги ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар кўмагида ташкил этилаётган мазкур нуфузли спорт тадбири олдидан мусобақа ташкилий қўмитаси аъзолари ва триатлон юлдузлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон триатлон федерацияси бош котиби Елена Кун, федерация раисининг биринчи ўринбосари Фаррух Носиров ва “Challenge Family” мусобақалари бош директори Жорт Влам ҳамда жаҳон тоифасидаги профессионал триатлончилар - норвегиялик Кристиан Блумменфелт, Густав Эден, германиялик Рико Боген, даниялик Лаура Мадсен, ўзбекистонлик Алина Ҳакимова ва бошқа таниқли спортчилар иштирок этиб, мусобақа ҳақида фикрларини билдирди.
Мусобақада 25 дан ортиқ мамлакатдан 2 мингдан ортиқ триатлончилар иштирок этади.
Мусобақанинг асосий баҳслари “Ипак йўли” халқаро туризм марказида ўтказилади ва иштирокчилар элита эстафетасида 1,9 километр сузиш, 90 километр велосипед пойгаси, 21,5 километр югуриш беллашувларида маҳоратини кўрсатади.
Спринт йўналишида эса 750 метрга сузиш, 20 километр велепойга ва 5 километрга югуриш баҳслари ўтказилади.
Шунингдек, ҳаваскорлар ўртасида аёллар пойгаси 5 километр бўлиб, унда 18 ёшдан ошганлар қатнашиши мумкин. Болалар пойгасида эса энг ёш спортчилар учун масофалар 200 метрдан 1000 метргача. Бунда 4 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар омадини синаб кўради.