300 та оилавий нодавлат боғча ёпилди ёхуд кўп қаватли уйларда болалар боғчаси очиш мумкинми?
Атрофимизда оилавий нодавлат боғчалар сони ошмоқда. Нега? Болалар боғчаси очиш осонми? Оилавий боғчалардаги таълим-тарбия сифати меъёрий талабларга жавоб берадими? Шу каби саволлар барчани бирдек қизиқтиради.
Шу ва бошқа саволларга вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг мактабгача таълим ташкилотларини мувофиқлаштириш шуъбаси бошлиғи Фурқат Жиянов жавоб берди.
- Самарқанд шаҳар Қорасув массивида оилавий нодавлат боғчалар кўп, шунингдек, боғча ёшидаги болалар ҳам. Кўп қаватли уйларда оилавий боғча очиш мумкинми?
- Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йилдаги 2 августда “Мактабгача таълим соҳасида давлат хусусий-шериклик муносабатларини замонавий рақамли технологиялар ёрдамида соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш тартиби белгиланган. Қорасув массивида кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида очилган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ушбу қарор чиққунга қадар очилган. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти очиш учун тадбиркор вазирлик билан уч йиллик шартнома имзолайди. Қарорга кўра, боғчанинг яшаш хонасининг майдони ҳар бир бола учун уч метр квадратдан бўлиши, шунингдек, ўйин майдончаси бўлиши кўрсатиб ўтилган. Қорасувдаги кўп қаватли уйларда очилган оилавий боғчаларда болалар учун ўйин майдони, ер майдони, биссеткалар йўқ. Эрталабки сайр ёки ёзги соғломлаштириш мавсумида болаларни тоза ҳавода чиниқтириш учун ҳеч қандай шароит мавжуд эмас.
- Унда нега кўп қаватли уйларда оилавий нодавлат боғча очишга рухсат берилган?
- Сабаби, ушбу ҳудудда асосан ёш оилалар истиқомат қилади. Массивда биринчи 50-мактабгача таълим ташкилоти очилган вақтида ота-оналардан кўплаб мурожаатлар келди. Ўша вақтдаги вилоят мактабгача таълим бошқармасининг ташаббуси билан вазирликка алоҳида хат билан чиқилиб, Қорасувдаги кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида оилавий нодавлат боғчалар очишга рухсат сўралганди. Массивда мактабгача ёшдаги болалар кўплигини инобатга олган вазирлик оилавий нодавлат боғчалар очишга рухсат берганди. Шунда ҳам бир шарт билан, яъни ота-оналар томонидан тўланадиган бадал пулининг 70 фоизи давлат боғчаларининг бадал пулидан ошмаслиги керак. Масалан, массивдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларининг бадал пули 286 минг сўм бўлса, оилавий боғча болаларининг 25 нафаридан 17 нафари шунча миқдорда бадал пули тўлаши керак.
- Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти очишнинг энг муҳим талаблари қандай?
- Ташаббускор тадбиркор nodavlat-bogcha.uz платформасига онлайн ариза беради. Бунда тадбиркор янги очилаётган боғчанинг яшаш хоналарининг сиғимига эътибор бериши керак. Мисол учун, 25 ўринли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотини очиш учун яшаш хоналари камида 75 метр квадрат бўлиши лозим. Бунда ошхона, коридор ва бошқа қўшимча хоналар ҳисобга олинмайди. Агар 50 ўринли бўладиган бўлса, яшаш хоналари 150 метр квадрат бўлиши керак. Nodavlat-bogcha.uz платформаси кадастр агентлиги билан интеграция қилинган, шунинг учун тадбиркор ариза бергач, оилавий боғча очиш учун белгиланган бинонинг кадастр ҳужжати кўринади ва вазирлик буни таҳлил қилади.
Шунингдек, тадбиркорнинг аризаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази ва фавқулодда вазиятлар бошқармасига бориб тушади. Ушбу соҳа мутахассислари уч кун муддатда очилаётган боғчанинг санитария ҳолати, жойлашувини ўрганиб, бу ҳақда хулоса беради. Агар меъёр талабларига жавоб бермаса, ушбу ташкилотлар аризани рад этиш ҳуқуқига эга.
- Оилавий боғча тарбиячиларидан мутахассислиги бўйича ҳужжат сўраладими?
- 2018 йилдан бошлаб оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилган бўлса, шу вақтгача тадбиркорлар хоҳлаган қариндоши ёки танишини педагог сифатида ишга қабул қилган. Бир йилдан бери айнан мана шу жараён ҳам тўлиқ автоматлашди, яъни nodavlat-bogcha.uz платформасидан тадбиркорга битим имзоланганидан кейин, унинг маълумотлари тўғридан-тўғри республика томонидан BBIT.uz ахборот тизимига ўтади ва унга логин-парол берилади. Логин-парол орқали тадбиркор платформага ходимлари ва боғча тарбияланувчилари ҳақидаги маълумотларни киритади. Шунингдек, педагог сифатида ишга қабул қилинаётган ходимнинг дипломи ва иловасини платформага юклайди. Кейин diplom.edu.uz орқали диплом берган ташкилот уч кун муддат ичида унинг ҳақиқийлигини кўриб чиқади. Ҳақиқатда диплом ўша муассаса томонидан берилган бўлса, уни тасдиқлаб беради. Дипломнинг ҳақиқийлиги тасдиқлангач, nodavlat-bogcha.uz платформасида у автоматик равишда кўринади. Агар ходим педагог бўлмаса, тадбиркор уни педагог сифатида ишга ололмайди. Педагог бўлмаган ходимлар оилавий боғчаларда ёрдамчи тарбиячи сифатида ишлаши мумкин.
- Оилавий боғчаларда давлат мактабгача таълим ташкилотлари сингари машғулотлар ўтиладими?
- Оилавий, хусусий, давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёнлари давлат мактабгача таълим ташкилотларидагидек бир хил. Барча мактабгача таълим ташкилотларида машғулотлар “Илк қадам” давлат ўқув дастури асосида олиб борилади. Шунингдек, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг педагоглари учун семинарлар ташкил қиляпмиз. 2025 йилдан бошлаб Тойлоқ педагогика коллежида ҳудудий малака ошириш маркази ташкил этяпмиз ва барча мактабгача таълим ташкилотлари педагогларининг малакасини оширишни режалаштиряпмиз. Бугунги кунда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларимизда қарийб олти мингга яқин педагог меҳнат қиляпти.
- Оилавий боғча таомномасини ким тузади?
- Nodavlat-bogcha.uz платформаси болага керак бўладиган бир кунлик маҳсулотларнинг рўйхати ва унга сарфланадиган маблағни чиқариб беради. Оилавий нодавлат боғчада ходимларнинг ишга келиб-кетишини ҳисобга олиш ҳамда тарбияланувчиларнинг давоматини юритиш мобил илова ёрдамида шахсни биометрик идентификация қилиш технологияси орқали амалга оширилади. Ойнинг охирида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тадбиркорга озиқ-овқат пуллари қоплаб берилади. Бундан ташқари, ҳар бир оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ўзининг ҳудудидаги давлат мактабгача таълим ташкилотига бириктирганмиз. Методика ёки таомнома тузиш бўйича ёрдам керак бўлса, давлат боғчасига мурожаат қилади. Ота-она тўлайдиган бадал пулидан ташқари бир болага бир кунга давлат томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари учун 14 минг сўмдан қоплаб берилади.
- Оилавий боғчалар қанча бола қабул қилиши мумкин?
- 12 нафардан 50 нафаргача бола олиши мумкин. 50 нафардан ортиқ бола қабул қилиш мумкин эмас. Бу юқорида айтганимдек, хонанинг квадрат метрига қараб ҳисобланади.
- Оилавий боғчаларга 3 ёшга тўлмаган болалар ҳам қабул қилинадими?
- Ҳа, албатта. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг юқорида келтирилган қарорида белгиланган, яъни 2 ёшдан ошган 3 ёшгача бўлган болаларни оилавий боғчаларга қабул қилиш мумкин. Мактабгача таълим ташкилоти тўлиқ қувватда ишламаётган бўлса, масалан, 25 ўринли боғчага 18 нафар 3 ёшга тўлган бола қатнаётган бўлса, қолган қувватга 2 ёшли бола қабул қилса бўлади. Лекин 2 ёшли болалар учун давлат томонидан субсидия тўлаб берилмайди. Бу тадбиркор ва ота-она ўртасидаги келишув асосида амалга оширилади.
- Оилавий боғчаларни ким назорат қилади?
- Nodavlat-bogcha.uz платформасида онлайн тарзида барча маълумотлар, яъни боғчага қанча бола, ходимларнинг қанчаси ишга келгани, ишдан кетгани кўринади. Бундан ташқари, мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида ва унинг туман (шаҳар) бўлимларида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари билан ишлайдиган ходимлар бор. Улар орқали ҳам оилавий нодавлат боғчалар тўлиқ назорат қилиб борилади.
Битим шартларига кўра, бир боланинг ўрнига бошқа болани расмга олиб, давоматга қўшиб юборилса, биринчи ҳолатда 3 ой муддатгача давлат томонидан субсидиялар берилмайди. Бу ҳолат тадбиркор томонидан яна амалга оширилса, у билан тузилган битим вазирлик томонидан бекор қилинади ва қайта битим тузилмайди.
- Бугун вилоятда қанча оилавий боғчалар бор? Жорий йилда қанча оилавий боғча очилди ва қанчасининг фаолиятига чек қўйилди?
- Вилоятда бугун оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг улуши 40 фоизга яқин, яъни 100 мингдан ортиқ мактабгача ёшдаги болаларни оилавий боғчалар қамраб олган. Рақамларга тўхталадиган бўлсак, вилоятда 3421 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти рўйхатдан ўтган. Шундан ҳозирги кунда 300 та оилавий боғча фаолияти тўхтатилган. Баъзи ҳолатда оилавий нодавлат боғча тадбиркор томонидан ўз хоҳишига кўра ёпилган бўлса, айримлари битим шартларига риоя этмагани учун вазирлик томонидан тўхтатилган. Йил давомида 288 та оилавий шаклдаги мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди.
- Қорасув массивида аҳоли йилдан йилга кўпаймоқда. Табиийки, болалар боғчалари аҳоли эҳтиёжига етмаяпти. Яқин йилларда массивда яна давлат боғчалари қуриладими?
- Жорий йилда 300 ўринли 51-давлат мактабгача ташкилоти фойдаланишга топширилди. Лекин ушбу боғча очилганига атиги тўрт ой бўлган бўлса, навбатида 1,5 минг бола бор. Бу албатта, массивда давлат боғчасига бўлган талаб юқорилигини кўрсатади. Бу бўйича таклифларимизни берганмиз. Кейинги йилги дастурларда бу таклиф инобатга олинади, деган умиддамиз. Бундан ташқари, массивда айни пайтда тадбиркор томонидан давлат-хусусий шериклик асосида болалар боғчаси қурилмоқда.
Хуршида Эрназарова суҳбатлашди.