45 ёшдан кейинги ҳаёт формуласи

Самарқандда “45+дан кейинги ҳаёт формуласи: соғлиқ, донишмандлик, гўзаллик” шиори остида II Аёллар форуми бўлиб ўтди.

Анжуман республика ва қўшни давлатларда фаолият кўрсатувчи тиббиёт соҳаси олимлари, бир нечта йўналишдаги шифокор мутахассислар, акушер-гинекологларни жамлади. Республика ихтисослашган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ташкилотчилигида ўтказилган мазкур анжуманда гинекология, эндокринология, кардиология, психология ҳамда тиббиётнинг бошқа йўналишларидаги мутахассисларни бирлаштириб, аёллар саломатлиги ва ҳаёт сифатига оид долзарб масалалар муҳокама этилди.

- 45 ёшдан сўнг аёлларда турли физиологик ўзгаришлар сезилиб, бу жараёнлар унинг соғлигига таъсирини кўрсатади, - дейди Республика ихтисослашган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази вакили, тиббиёт фанлари доктори Севара Иргашева. – Хусусан, юрак-қон, асаб тизими, эндокрин хасталиклар уларга хавф солиш эҳтимоли бор. Одатда бу ёшдан кейин жуда кўп аёллар фаол ҳаётдан чекиниб, анча хотиржамликка берилади. Ваҳоланки, айнан шу ёшда аёллар учун фаол ҳаёт, доимий жисмоний машқлар, қизиқадиган машғулотлари билан шуғулланиб туришлари жуда муҳим саналади. Форумда етакчи олимлар томонидан аёлларда гормонал ўзгаришларнинг ўзига хос хусусиятлари, юрак-қон томир касалликларининг профилактикаси, суяк тизими саломатлиги ва остеопорознинг олдини олиш, аёлларнинг психоэмоционал ҳолати каби масалалар бўйича маърузалар ўқилди, бу бўйича бугун дунёдаги эришилаётган илмий натижалар ва янгиликлар хусусида фикр алмашилди.

- Форумда мамлакатимиз ҳамда Россия, Украина, Қирғизистон каби давлатлардан ўнлаб олимлар, экспертлар иштирок этмоқда, - дейди Республика ихтисослашган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали раҳбари Лола Ҳамроева. –Уларнинг маърузалари, илмий ўрганишлари натижалари ҳар бир мутахассис учун тажриба алмашиш, ўз билимларини янада бойиитиш имконини беради. Чунки аёлнинг соғлом бўлиши бугун фақат битта омилга эмас, бир нечта факторларга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бу масалада етакчи тиббиёт муассасаларининг тавсиялари, қарашларини ўрганган ҳолда умумий хулосаларни жамлаш ва амалиётга татбиқ этишни мақсад қилганмиз.

Бугун Самарқандда 20 га яқин туғруққа кўмаклашувчи тиббиёт муассасалари, 15 та туғруқ комплекси, 4 та перинатал марказлар фаолият кўрсатади. Айтиш керакки, аёлларнинг соғлом фарзанд дунёга келтириши уларнинг соғлом турмуш тарзига нечоғлик риоя қилаётганига бевосита боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бу масалада акушер-гинекологларнинг доимий тавсиялари, улар билан тўғри мулоқотни йўлга қўйишлари ҳам муҳим омиллардан бири бўлмоқда.

Икки кун давом этган анжуманда жисмоний ва руҳий саломатликни сақлашда профессионал ёндашув, биологик ўзгаришларни янги, сифатли ҳаёт пойдеворига айлантириш йўллари, ўзгаришлардан қўрқишни енгиш ва етуклик салоҳиятини ошириш каби масалалар бўйича экспертларнинг чиқишлари иштирокчиларда қизиқиш уйғотди. Қалб гўзаллиги ва кучи билан дунёни яхшилаётган аёллар ҳақидаги чиқишлар, Ўзбекистон ва Қозоғистонлик дизайнерларнинг либослар намойиши, концерт дастури Форум ишига шукуҳ бағишлади.

Гулруҳ Мўминова,

Алишер Исроилов (суратлар).