Талабалар инновацион лойиҳаларини тақдим қилди

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида “Улуғбек ворислари” республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Низомга мувофиқ, туман ва шаҳарлардан саралаб олинган 80 нафар иштирокчи танловда ўз старт-ап лойиҳалари билан иштирок этди.

Танловда ҳар бир иштирокчи ўз лойиҳасидан кутилаётган натижаларни илмий асослаб берди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан энг юқори баҳоланган 20 нафар муаллифнинг лойиҳаси танловда ғолиб деб топилди ва улар республика босқичига йўлланма олди.

Ғолиб бўлганлар ичида 6 нафари Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти талабаларидир.

- Менинг инновацион лойиҳам бугунги кунда долзарб ҳисобланади, - деди ушбу институт талабаси Ҳусниддин Сафаров. – Лойиҳам фермер хўжаликларининг сув сарфи билан боғлиқ ишларини тартибга солади. Унинг асосий вазифаси сув сарфини ўлчаш ва уни аниқ прогнозларини мобил иловалар орқали фермерга кўрсатиб туришдан иборат.

- Чорва моллари, балиқчилик ҳамда паррандалар учун озуқа тайёрлаш лойиҳаси устида ишлаяпман, - деди яна бир талаба Азимжон Ҳамроев. – Лойиҳа номи Biofoodchicken бўлиб, қора нўхат, азола, реатка, беда ва янтоқдан биргаликда озуқа тайёрланади. Асосан маҳсулотимиз гранула ҳолатида бўлади ва гранулалар парранда турига қараб ҳар хил шаклда бўлади. Масалан, гўшт йўналишидаги товуқларга 3 босқичда ишлаб чиқарганмиз. Бу оддий камбикормадан анча арзон ва тўйимли. Дастлаб озуқани броллер товуқларда синаб кўрдим, натижаси яхши бўлди. Энди катта тадбиркорлар билан ишлаяпман, яъни озуқа синов даврини ўтаяпти. Лойиҳа маҳаллий бозорда янги турдаги омухта ем ишлаб чиқариш мақсадида яратилди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ўтган йилги “Улуғбек ворислари” танловининг республика босқичида 14 нафар самарқандлик иштирокчилар ғолиб бўлганди.