65-асрдан келган одам вақт машинаси бузилиши сабаб, Ерда қолиб кетган

Вақт машинасининг бузилиши сабабли давримизда қолиб кетган, ўзини 6491 йилдан келган саёҳатчи, деб атайдиган Жеймс Оливер сайёрамиз келажаги, одамларни кутаётган офатлар ва ўзга сайёраликлар билан учрашувлар ҳақида қизиқарли воқеаларни айтиб берди. Унинг ҳикояларидаги ақл бовар қилмайдигани шуки, ҳатто алдашнинг иложи бўлмаган ёлғонни аниқловчи детектор ҳам буни тасдиқлади.

Жеймс Оливер ўзини келажак одами, деб атайди. Унга кўра, вақт машинасининг бузилиши сабабли вақт саёҳатчиси 2018 йилда Ерда “ушланиб” қолган. Албатта, ҳеч ким унинг ҳикояларига ишонмаяпти. Бироқ Оливерни ёлғонни аниқловчи детекторда синаб кўрган ғайритабиий нарсаларни ёритувчи Apex-TV телеканали мутахассислари ҳайратда қолди. Холис машина Оливер ҳар бир сўзида рост гапираётганини кўрсатди.

Оливернинг сўзларига кўра, келажакда у Ерга қараганда Қуёшдан узоқроқ жойлашган бошқа сайёрада яшайди ва у ердаги умр кўриш давомийлиги бир нечта асрларни ташкил этади.

Шунингдек, у келажакда Ердан ташқарида пайдо бўлган идрокли ҳаёт шакллари билан учрашиб, анча ривожланган янги сайёраларни кашф этади. У минг йиллардан сўнг глобал исиш натижасида Ердаги иқлим сезиларли даражада қизиши ва Сайёралар федерацияси ҳукумат билан биргаликда коинотдаги тинчлик ва осойишталикни сақлаб, Галактикадаги тартибни кузатиб боради, дея огоҳлантиради.

Оливер ўзга сайёраликлар ва космос ҳақида кўп гапиради. Аммо аниқ саволларга жавоб беришдан бош тортади. Масалан, АҚШнинг кейинги президенти ким бўлади, деган саволга у “гапириши керак бўлган мавзулар чекланган”лигини билдирди. Бироқ барчани ҳайратга солган ҳолда ёлғон детектори унинг ҳамма гаплари ҳақиқатлигини тасдиқлади.

“Вақт саёҳатчиси”нинг сўзлари рост ёки ёлғонлигини билиш учун яна беш минг йил умр кўришимиз керак экан. Дарвоқе, тилшуносларнинг айтишича, у Буюк Британиянинг Бирмингем ҳудудида яшовчилар шевасида гапиради.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.