Самарқандда ўтган тўққиз ойда 83 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддалари далилий ашё тариқасида олинган

Бу ҳақда яқинда ўтказилган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтмиш олтинчи сессиясида вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Раҳмонов ахборот берган.

Ахборотда қайд этилишича, вилоятда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш мақсадида аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал қилиш орқали уларнинг ишончини оқлаш ҳамда мавжуд куч ва имкониятларидан самарали фойдаланилгани натижасида бир қатор жиноятларнинг камайишига эришилган.

Хусусан, оғир турдаги жиноятлар 142 тага (441-299) ёки 32,2 фоизга, ўта оғир турдаги 19 тага (168-149) ёки 11,31 фоизга камайган.

Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида ҳамда кейинги йилларда барча турдаги очилмаган жиноятларни фош этиш борасида амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида жами содир этилган жиноятларнинг 97,7 фоизи, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятларнинг 96,3 фоизи ўз вақтида фош этилган.

Вилоят ҳудудида жиноят содир этиб, суд ва тергов идораларидан яширинган қидирувдаги шахсларнинг 254 нафари ушланиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.

Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш борасида 315 та жиноий ҳолатлар аниқланиб, 83 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддалари далилий ашё тариқасида олинган.

Ё.ГАДОЕВ.