Самарқандда судлар томонидан 9 ойда ажрашиш учун ариза берган 155 оила яраштирилган

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган анжуманда фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи Байрамали Норов маълумот берди.

Қайд этилишича, 2019 йил 9 ойида 3 519 та никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилган. Бу борадаги қарорлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 360 тага камайган.

Никоҳдан ажрашиш бўйича 2018 йил 9 ойига нисбатан 250 тага кам, яъни 2 171 та даъво қаноатлантирилган.

Таҳлилларга кўра, 2151 та ҳолатда оилавий келишмовчилик, 349 та ҳолатда моддий жиҳатдан қийналганлик, 204 та ҳолатда фарзандсизлик, 111 та ҳолатда эса турмуш ўртоғининг спиртли ичимликларни истеъмол қилиши сабабли никоҳдан ажратиш бўйича судга мурожаат қилинган.

Никоҳдан ажратиш бўйича судга мурожаат қилганларнинг кўп қисми ёш оилалар эканлиги кузатилган. Хусусан, судга 18 ёшдан 25 ёшгача бўлганлар томонидан 1384 та, 26 ёшдан 35 ёшгача бўлганлар томонидан 1847 та, 35 ёшдан юқори бўлганлар томонидан 759 та аризалар келиб тушган.

Судлар томонидан тарафларнинг ярашишлари учун кўрилган чоралар, хусусан, маҳаллалар, хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда олиб борилган тушунтириш ишлари, сайёр суд мажлисларида ажралишнинг ҳақиқий сабабларини аниқлаш борасида олиб борилган ишлар натижасида 155 та оила яраштирилган.