Пайариқда ўтказилган сайёр қабулда 9 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди
Вилоят судлари раислари томонидан Пайариқ тумани Халқ қабулхонасида фуқаролар билан учрашув, давра суҳбати ва сайёр қабул ташкил қилинди. Қабул давомида 52 та мурожаат рўйхатга олинган.
Хусусан, жиноят ишлари бўйича вилоят суди раисига қилинган 11 та мурожаатдан 9 таси ижобий ҳал қилинди. Шунингдек, 2 нафар мурожаатчига ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Фуқаролик ишлари бўйича суд раиси 16 та мурожаатчини қабул қилди. Мурожаатларнинг 1 таси ижобий ҳал қилиниб, 10 нафарига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Тегишлилиги бўйича 5 нафар фуқаронинг аризаси қабул қилинди.
Иқтисодий ишлар бўйича суд раисига қилинган 3 та мурожаат муаллифларига ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Энг кўп мурожаат маъмурий ишлар бўйича вилоят суди раисига бўлган. Қайд қилинган 22 та мурожаатнинг 2 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 20 та мурожаат ижобий ҳал қилинди. Яъни, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 11-бандига асосан тугатилди ва 21-моддасига асосан огоҳлантирилди.
Вилоят судлари томонидан ташкил этилган сайёр судларда 9 нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди.