Уйни бузиш тўғрисида ҳужжатлар МИБга юборилмаган
Ижтимоий тармоқларда “Туман ҳокимлиги бизни ва маҳалламиздаги яна бир қанча уйларни бузиб ташламоқчи”, деган мазмундаги пост ва видеолавҳа эълон қилинди. Ушбу видео лавҳа ва пост юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига 2020 йил 8 июлда даъвогар – Каттақўрғон тумани ҳокимлиги мурожаат қилиб, жавобгар – Суюнова Мавжуда Элибоевна туман захираси ҳисобида турган Каттақўрғон чорвачилик массиви 395-контурдаги 0,12 га. ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ушбу ер майдонида ноқонуний қурилган 92,30 квадрат метрдан иборат уй-жойларини буздиришни сўраган.
Худди шундай Шарапова Розия Ташпўлатовна томонидан туман захираси ҳисобида турган Каттақўрғон чорвачилик массиви 395-контурдаги 0,08 га. ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний қурилган 43,0 квадрат метрдан иборат уй-жойларни буздириш сўралган.
Олий суд Раёсатининг 2020 йил 20 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси судларида “COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ фуқароларнинг шахсий қабули тўхтатиб турилганлиги, Олий суднинг 2020 йил 12 майдаги “Олий суд Раёсатининг “Ўзбекистон Республикаси судларида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида” 2020 йил 20 мартдаги РС-13-20-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарорларига мувофиқ юқоридаги ишларни кўриб чиқиш тўхтатилган.
Шу боис, фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди томонидан юқорида қайд этилган фуқароларга нисбатан берилган даъво аризалари мазмунан кўрилмаган ва суд томонидан суд ҳужжатлари мажбурий ижро бюросига юборилмаганлиги маълум қилинади.
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди.