9 та ҳудудда 200 миллиард сўмлик 14 та йирик корхона ишга туширилади
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқовнинг маълум қилишича, Жомбой, Паст Дарғом, Нарпай, Ургут, Самарқанд, Тойлоқ, Нуробод туманлари, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида қиймати 200 миллиард сўмдан юқори бўлган 14 та йирик ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш режалаштирилмоқда.
- Ушбу корхоналарни ишга тушириш учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 103,1 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 37,6 километр электр тармоғи, 84 километр табиий газ, 35,9 километр ичимлик суви тармоғи ва 23,8 километр автомобиль йўлларини қуриш кўзда тутилмоқда, - дейди Ж.Ўроқов. - Натижада 4 740 та янги иш ўрни яратилиб, 1 256 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва қўшимча 150,8 миллиард сўм бюджет тушуми таъминланади.
Вилоятнинг 14 та ҳудудида майдони 560 гектар бўлган 18 та эркин иқтисодий зона филиаллари ташкил этиш таклифи ишлаб чиқилди. Ушбу филиалларни инфратузилма билан таъминлаш учун жами 416,5 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 53 километр автомобиль йўли, 70,5 километр ичимлик суви тармоғи, 24 та сув иншооти, 53 километр оқова сув тармоғи, 10 та сув тозалаш иншооти, 52 километр электр тармоғи, 31 та трансформатор, 161,8 километр табиий газ, 28 та газ тақсимлаш пункти, 55 километр оптик толали алоқа тармоқларини қуриш кўзда тутилган. Натижада, 120 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиб, бюджетга қўшимча 15 миллиард сўм солиқ тушуми ва 15 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Майдони 210 гектардан иборат 88 та янги кичик саноат зонаси ташкил этилиб, уларга қиймати 223,1 миллиард сўмлик 797 та лойиҳа жойлаштирилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ташқи муҳандислик инфратузилма билан таъминлаш учун 119,5 километр электр энергияси, 82,23 километр автойўл тармоғи тортиш, 21,3 километр газ қувурлари, 173,2 километр ичимлик суви қувурлари тортиш ва қурилиш ишлари учун жами 247,4 миллиард сўмлик маблағ ажратиш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳаларни ишга туширилиши натижасида 4,5 мингга яқин янги иш ўрни ва йиллик 446,3 миллиард сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш имкони яратилади.
Жорий йилда 1 159,2 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи ва 309 та трансформатор пунктида янгидан қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш ҳамда 3 та янги нимстанция қуриш, 2 та нимстанция қувватини ошириш, 14 тасини реконструкция қилиш режалаштирилган. Ушбу ишлар учун 162,8 миллиард сўм маблағ сарфланади.