Абитуриент тест синовларидан ўтолмаса ҳам ўқиши мумкин
✍– Вилоятимиздаги олийгоҳлардан бирига ўзим қизиққан йўналиш бўйича рўйхатдан ўтдим. Тест синовларида паст балл тўпласам қўшимча танлаган иккита йўналишимга кириш имконияти қандай бўлади?
Ф.Хонкелдиев,
Пайариқ тумани.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 май “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида, 2019-2020 ўқув йили қабулидан бошлаб абитуриентларга олий таълим муассасаларининг тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди.
Тест синовлари натижалари бўйича танловларни ўтказишнинг умумий тартиби қуйидагича амалга оширилади:
Абитуриентнинг тўплаган баллари у танлаган биринчи таълим йўналиши бўйича давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишга етарлича бўлган тақдирда, унинг тест синови натижалари ушбу олий таълим муассасаси таълим йўналишида эълон қилинади ва у танлаган иккинчи ва учинчи таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этишига рухсат этилмайди;
Абитуриентнинг тўплаган баллари у танлаган биринчи таълим йўналиши бўйича тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишга етарлича бўлмай, у танлаган иккинчи таълим йўналиши бўйича давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишга етарлича бўлган тақдирда, унинг тест синови натижалари ушбу иккинчи таълим йўналишида эълон қилинади. Бунда абитуриент танлаган учинчи таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этишига рухсат этилмайди;
Абитуриентнинг тўплаган баллари у танлаган биринчи ва иккинчи таълим йўналиши бўйича тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишга етарлича бўлмай, у танлаган учинчи таълим йўналиши бўйича давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишга етарли бўлса, унинг тест синови натижалари фақат ушбу учинчи таълим йўналишида эълон қилинади.
Абитуриентнинг тўплаган баллари у танлаган биринчи, иккинчи ва учинчи таълим йўналиши бўйича давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишга етарлича бўлса, унинг тест синови натижалари биринчи таълим йўналишида эълон қилинади.
Абитуриентнинг тўплаган баллари у танлаган биринчи, иккинчи ва учинчи таълим йўналиши бўйича тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишга етарлича бўлмаган тақдирда, у танлаган биринчи таълим йўналиши бўйича оширилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниш имконияти яратилади. Бунда унинг тест синови натижалари биринчи таълим йўналишида эълон қилинади.
Абитуриентларга шуни эслатиб ўтамизки, абитуриентнинг тест синовида тўплаган баллари ҳақидаги маълумотни тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижасини тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий dtm.uz веб-сайтида эълон қилинади.
Носир Эшонқулов,
Давлат тест марказининг Самарқанд вилоят бўлими раҳбари.