Адабиётшунослар Хуршид Нуруллаевнинг янги китоби ўқувчилар қалбидан жой олишини эътироф этишди

Ижодкор “Ёмғир ёғди”, “Туғён”, “Муҳаббат мулки”, “Ҳаммаси асабдан”, “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир”, “Муҳаббат бор” ва “Кўнгилдаги гаплар“ номли китоблари билан китобхонларга яхши таниш. Унинг асарларини ўз ўқувчиси, ўз кузатувчиси бор. Менимча, гап самарқандлик шоир, ёзувчи, ҳажвчи ва журналист Хуршид Нуруллаев ҳақида кетаётганини кўпчилик англади. Бу ижодкорнинг бугун адабиёт майдонида айтадиган гапи, фикри бор. Буни адиб юқорида айтилган асарлари орқали исботлаган.

Ижодкорнинг яқинда чоп этилган “Беш фасл ва юрт васфи” номли шеърий тўпламининг тақдимоти учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига таниқли ёзувчи-шоирлар, мунаққидлар, журналист ва адабиётшунослар жам бўлди.

Йиғилганлар Х.Нуруллаевнинг ижодий фаолияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Тадбирда сўз олганлар, айниқса, “Беш фасл ва юрт васфи”даги  “Қуёшга ўхшайди Самарқанд нони”, “Мунис онам сиймосидек куз”, “Бойчечаклар баҳорнинг туғи”, “Қор – қишнинг гуллари” ва “Ошиқлар дунёда битта қабила” ҳамда  “Ўзбекистон – мукаммал диёр” мавзуларида битилган шеърларга юқори баҳо берди.

Шунингдек, ижодкорнинг бошқаларга ўхшамаган тарзда сўз айтишга уриниши ва унинг уддасидан чиқа олиши эътироф этилди. Адабиётшунослар бугун ўзбек шеъриятида яна бир ажойиб китоб яратилганини ва бу китоб, албатта, ўқувчилар қалбидан жой олишини таъкидлади.