Адиз Бобоев Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалини бориб кўрди

Филиалда юртимизда репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, муддатидан аввал туғилган гўдаклар учун ихтисослаштирилган реанимацион ва интенсив хизматларни ташкил этиш, кам вазнли чақалоқларни парвариш ва реабилитация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва бино ҳолати билан танишилди.

250 ўрнига мўлжалланган ушбу муассаса 2022 йил капитал таъмирдан чиқарилиб, муассасада гинекология, ҳомиладорлар патологияси, ҳомиладорликда юқумли касалликлар ва чақалоқлар патологияси каби бўлимлар ташкил этилган.

Вилоят раҳбарига тиббиёт масканининг иш фаолияти ҳақида маълумот берилди. Филиалда айни пайтда 39 турдаги биохимик, 20 турдаги гематологик, 12 турдаги ИФА (иммуноферемент анализатор-стат Факс 303) каби лаборатор таҳлиллари ўтказилиб келинмоқда. Шунингдек, юқори технологик жарроҳлик амалиётларини бажариш учун муассаса 11 млрд. сўм маблағ эвазига 14 турдаги замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев томонидан ўрганиш давомида муассасанинг иссиқлик, оқова тизими, электр тармоқлари, бўлимлардаги беморларни ташиш учун лифт мосламаларининг ишламаётганлиги, ертўла қисмидан сув сизаётганлиги ҳолати аниқланди ва ушбу камчиликларни тезда бартараф этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.

Шунингдек, вилоят раҳбари соғлом онадан соғлом фарзанд туғилиши тамойиллари бўйича, ҳомиладорларни даврий скрининг текширувидан ўтказилиши, ногиронликнинг олдини олиш борасида тарғибот тадбирларини кўпроқ ўтказиш борасида таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Инвестиция дастури асосида 2025-2026 йилларда Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилояти филиали қошида скрининг ва репродуктив саломатлик бўлимлари биноси ва 250 қатновли “Аёллар маслаҳатхонаси” биноси қурилиши билан танишилиб, 2026 йилда дастурга киритилган 200 ўринли туғруқ комплекси биноси қурилиши, туғруқ марказидаги мавжуд биноларини капитал таъмирдан чиқариш юзасидан йўл харитасини ишлаб чиқиш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.