Адиз Бобоев Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди.

- Биз юртимизда инсон қадрини улуғлаш, иқтисодиётни барқарор ўстириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича катта-катта марра ва режаларни олаяпмиз. Бу ишларни ташкил қилиш учун вилоятга замонавий фикрлайдиган, муаммоларни тизимли таҳлил қилиб, инновацион ечим бера олишга салоҳиятли раҳбар керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Адиз Бобоев номзодини тавсия этди.

Вилоят фаолларининг номзод ҳақидаги фикрлари тинглангач, вилоят ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Адиз Бобоев вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.

Президентимиз янги ҳокимга иш ўрни яратиш, камбағалликни қисқартириш, инвестиция ва экспортни кўпайтириш, таннархни камайтириш ва энергия тежамкорликни ошириш бўйича Самарқандни намунали ҳудудга айлантириши шартлигини кўрсатиб ўтди.