“Адлия аёли” қайси соҳа вакилига насиб этди?

Самарқанд шаҳрида "Адлия аёли" республика танловининг Самарқанд вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Илк маротаба ташкил этилган танловда самарқандлик 6 нафар соҳа ходималари иштирок этиб, белгиланган учта шарт асосида ғолиблик учун баҳслашди.
Нафосат маликалари дастлаб ҳуқуқий саводхонлиги, қонунчиликни нечоғлик ўзлаштиришганлигини тест синови шартида имтиҳондан ўтказишди. Кейинги шартда улар иш фаолиятида дуч келаётган долзарб масалалар бўйича таклиф ва ташаббусларини ҳимоя қилишди. Ниҳоят охирги шартда хотин-қизларимиз пазандалик маҳоратларини кўрсатишди.
- Тизимда фаолият кўрсатувчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш бўйича адлия вазирлигида хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилот ташкил этилди,- дейди вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Наргиза Нурназарова. - Шунингдек, @genderadliyabot ҳамда @adliya_boshlangichbot каби мурожаатлар бўлими ҳам ташкил этилди. Бу - тизимда фаолият юритувчи хотин-қизлар билан эркин мулоқотни ташкил қилиш, уларнинг соҳа бўйича фикрларини билиб боришда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур танлов ҳам уларни рағбатлантириш ва фаоллигини намоён қилиш учун ташкил этилди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, Самарқанд шаҳар юридик хизматлар кўрсатиш маркази ходими Сарвиноз Ҳайдарова 1-ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
2-ўрин Самарқанд шаҳар 2-сон ФҲДЁ бўлими мудираси Шоҳида Нуруллаевага, 3-ўрин эса вилоят юридик техникуми девонхона мудираси Наргиза Жўраевага насиб этди.
Танловнинг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган 1-ўрин соҳибаси 5 миллион, 2-ўрин соҳибаси 3 миллион ва 3-ўрин соҳибаси 2 миллион сўм пул мукофотларига эга бўлишди.