Адлия вазири Қўшработда уйма-уй юрди, одамларни тинглаб, мутасаддиларга тавсиялар берди
Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрда қабул қилинган “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармонига кўра, жорий йилда 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш вазифаси белгиланган.
Бунда адлия вазирлиги ҳам ҳудудларда алоҳида чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, бу йўналишдаги жараёнлар Самарқанд вилоятида ҳам давом этмоқда.
Адлия вазири бугун вилоят марказидан қарийб 100 километр олисда жойлашган Қўшработ туманида бўлиб, ўрганишни 10 дан ортиқ турли миллат ва элат вакиллари яшаётган Хонназар маҳалласидан бошлади.
Таъкидланишича, маҳаллада "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури" доирасида 800 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратиш ҳисобига 40 нафар, "Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш дастури" доирасида 12 нафар, "Бизнесга биринчи қадам" дастури доирасида 43 нафар аҳоли бандлиги таъминланади.
Шунингдек, маҳаллада Хитой тажрибаси асосида 10 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган. Натижада йил якунигача 52 та оила камбағалликдан чиқарилса, 102 фуқаро доимий иш жойига эга бўлади.
Вазир маҳалладаги камбағал оилаларга кирди, хонадонда яшовчилар билан суҳбатлашди, уларнинг нима муаммоси борлиги, қандай ёрдам кўрсатиш кераклиги билан қизиқди.
III гуруҳ ногирони бўлган 55 ёшли Каромат опа Исмоилова ёшлигида ўрганган тикувчилик касби орқали бугун ҳамқишлоқларини кўрпа, ёстиқ, бешикларга зеб берадиган ёпинчиқлар билан таъминлаб келади. У Акбар Тошқулов билан суҳбатда шогирдларни кўпайтириш, касбини ҳамқишлоқларига ўргатиб, қўшимча ишчи кучи олишни истаётгани, бунинг учун тикув машинасига эҳтиёжи борлигини айтди. Унга замонавий тикув машинаси берилди.
Хонназар қишлоғида оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган Аҳмад Адилов майизни қайта ишлаш учун қўшимча жой олиш борасидаги муаммосини маълум қилди. Мурожаат вазир назоратига олинди...
Мадина Элмуродова икки йил илгари турмуш ўртоғидан айрилди. 3 нафар фарзандига ҳам ота, ҳам она. Вазир оиланинг турмуш тарзи билан танишар экан, фуқаронинг орзу-истаклари, муаммоларини сўради. Оила бекаси сўровига жавобан тикув машинаси берилди.
Акбар Тошқулов маҳалла масъуллар билан учрашувда ночор оилаларни камбағалликдан чиқариш тартиби, буни амалга ошириш механизмлари, фуқаролар ҳуқуқий ва ижтимоий муаммолари билан ишлашда адлия органлари билан ҳамкорлик борасида сўз юритди.
Ўртага ташланган масалалар, саволларни тинглаб, зарур тавсиялар берди.