“Адолат” СДПнинг сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамасида қандай ғоя ва ташаббуслар илгари сурилди?

27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловига Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастури лойиҳасини такомиллаштириш учун ҳудудларда партия фаоллари иштирокида оммавий эшитувлар, учрашувлар ўтказилиши белгиланган.

Самарқанд шаҳрида партиянинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамаси юзасидан биринчи оммавий эшитув тадбири бўлиб ўтди. Унда Сиёсий Кенгаш раиси Робахон Маҳмудова, вилоят ва маҳаллий кенгашлар ходимлари, партия фаоллари, депутатлар, ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда партия етакчиси маъруза қилиб, янги Сайловолди дастури лойиҳаси халқимиз орзу-истаклари, фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб, кўплаб соҳаларда ривожланиш истиқболларини қамраб олиш ва халқчил таклифларни илгари суришда партиянинг келгуси беш йилликдаги  стратегик ҳужжати бўлиши кутилаётганини эътироф этди. Қолаверса, ушбу муҳокама жараёни, тадбир иштирокчилари томонидан билдирилган ҳар бир таклиф ва тавсия дастурни янада мукаммаллаштириш ҳамда амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамиятга эга бўлишини таъкидлади.

Шундан сўнг Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Муҳаммаджон Валиев “Адолат” СДПнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастури лойиҳасидаги ғоя ва таклифлари тўғрисида маъруза қилди.

- Дастур лойиҳаси иқтисодий барқарорликни таъминлаш, партия электорати  вакилларининг ижтимоий муҳофазаси ва хотин-қизлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятдаги тенгликни таъминлаш ҳамда давлат бошқарувининг шаффофлиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор  чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олган, - дейди М.Валиев. - Сайловолди дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш бир йилдан ортиқ вақт давомида амалга оширилди. Бунда партия устави ва шу пайтга қадар қабул қилинган асосий дастурларининг танқидий таҳлилига, 150 дан ортиқ хорижий давлатдаги социал-демократик йўналишдаги сиёсий партия ва ҳаракатларнинг тажрибасини ўрганишга, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда юртимизда амалга оширилаётган  кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишларига катта эътибор қаратилди.

Тадбир давомида партия аъзолари ҳамда жамоатчилик томонидан таълим сифатини яхшилаш, тиббий суғурталаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ташкилот ва корхоналарда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳам бандлигини таъминлаш юзасидан қўшимча таклиф ва тавсиялар билдирилди. Сайловолди дастурини муваффақиятли амалга ошириш, фуқароларнинг турмуш тарзини яхшилаш  бўйича илгари сурилган фикрлар экспертлар томонидан ўрганиладиган бўлди.