Афв этилганларнинг 20 нафари самарқандлик

Уларнинг 12 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан, 8 нафари пробация назоратидан муддатидан олдин шартли озод этилган.

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 декабрдаги “Озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига асосан 334 нафар шахс афв этилди.

Афв этилган 20 нафар самарқандликларнинг 1 нафари аёл киши.

Шу ўринда бир гап, амнистия акти ва афв бир-биридан фарқ қилади. Хусусан, амнистия актида аниқ бир шахснинг фамилия, исм-шарифи кўрсатилмайди. Маълум тоифадаги шахслар (масалан, ёшлар, 60 ёшдан ошганлар, аёллар), одатда ижтимоий хавфли қилмишни биринчи марта содир қилаётганлар, унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлар жазодан озод қилиниши ёки унинг муайян қисми камайтирилиши кабилар белгиланади. Оддий қилиб айтганда, жиноятлар тоифаси белгиланиб, шу тоифадаги жиноятларни қилган шахслар аниқланади.

Афв этиш судлар томонидан ҳукм қилинганларга, индивидуал тартибда аниқ бир маҳкумга нисбатан унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти номига афв этишни сўраб ёзган ёзма мурожаатига асосан амалга оширилади. Яъни, шахс ўз айбини тан олиб, унга пушаймон бўлиб, кечирим сўрайди.

Конституция куни олдидан шартли озод қилинганлар Самарқанд шаҳри ва Иштихон тумани (4 нафардан), Ургут ҳамда Каттақўрғон тумани (3 нафардан), Пахтачи, Паст Дарғом, Тойлоқ, Жомбой, Нуробод туманлари ва Каттақўрғон шаҳридан.

Давлатимиз раҳбарининг фармон билан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун зарур чоралар кўрилмоқда.

 

Нодир Каримов,

вилоят ИИБ ЖХХ пробация бошқармаси муҳим топшириқлар бўйича инспектори.