Агар ишонч йўқолса...

Ишда, ўқишда, қолаверса, оилада дард-у ташвишларингизни айтиб, кўнглингизни ёзадиган инсонлар борми?

Бу саволга “ҳа” деб жавоб берадиганлар, афсуски, жуда кам. Бировга сир бой бермасликка ҳаракат қиласиз, чунки у бундан ғаразли фойдаланиши мумкин. Танишларингизнинг гапларига «хўп» дейсиз-у аммо ич-ичингизда бир шубҳа туради. Ўша гап ҳақиқатлигини бошқа йўл билан яна текширасиз.

Буларнинг бари одамлар орасида бир-бирига нисбатан ишончнинг йўқолиб бораётганини англатмайдими? Ёки «Ишон, аммо шубҳа қил», деган ибора ҳаётда шунчалик керакми? Нега одамлар бугун энг яқин кишисига ҳам буткул ишонмайди?

– Бугун «ҳеч кимга ишонч қолмади», деган гапларни кўп эшитамиз. Тижоратдаги ҳамкори алдаб кетган, чет элдаги шерикларидан зарар кўрган, оиласи ишончсизлик сабабли барбод бўлган кишиларни учратамиз. Шуларни ўйлаб яхшиси, ҳеч кимга ишониб қолмаган маъқулмикан, деган хаёлга бораман, – дейди тижоратчи қўшним. - Бунга сабаб ўзим ҳам ҳаётда ишончсизлик орқасидан жуда кўп азият чекканман.

Айримлар алдаш ортидан даромад топишни, фирибгарликни ўзларига касб қилиб олишган. Ҳозир бунақаларни ҳамма соҳада учратиш мумкин.

Энг даҳшатлиси шундаки, бошқаларнинг ишончига кириб, сўнг уни хонавайрон қилиб кетадиганларнинг ошиғи олчи эканини кўрамиз. Шуларни кўрганлар «демак, бу йўл тўғри экан-да», деб ўйлаши, уларга эргашиши ҳам ҳеч гап эмас. Шундай бўлгандан кейин одамлар орасида ишонч қолармиди?

Шахсан мен ҳар гал кимгадир ишонишни истайман-у лекин шу соддалигим ва ишонувчанлигим сабабли чеккан азиятларимни эслаб, ҳеч кимга ишонолмайман.

Менимча ишонч одамлар орасидан батамом йўқолиб кетганда ҳам бунинг учун бировни айблаб бўлмайди. Ишонч, уни авайлаб - асраш ҳар бир инсоннинг ўз вазифаси. Ишонч йўқолиб кетяпти, деб ўтиравериш билан иш битмайди. Чунки ўша ишончни йўқотаётганлар – ўзимиз. Ўз камчиликларимизни тўғрилаш ўрнига бошқалардан беҳуда гина-араз қилиб, яхшироқ муомала кутиш тўғри эмас. 

Мен етмиш икки ёшдаман. Шу пайтгача биров менинг ишончимни поймол қилганини эслай олмайман. Мен ҳақимда ҳеч ким «Ўша одам ишончимни оқламади», деганини ҳам эшитмаганман. Балки кимдир, нимадир сабаб билан ишонч масаласида сизда нохуш таассурот колдирган бўлиши мумкиндир. Унинг сабабини сўраб, тўғри тушунишга, узрини қабул қилишга ҳаракат қилиш керак. Шундагина одамлар орасида ишонч янаям мустаҳкам бўлиб бораверади.

Раҳбар қўл остидагиларига ишонмаса, бундай ишда унум бўлмайди. Эр-хотин бир-бирига ишонқирамай яшаса, куни келиб, ишончсизлик орани ажратади. Бу нарсаларга айниқса, ёшлар кўпроқ эътиборли бўлиши керак.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.