Агар иштиёқ бўлса, қолоқ мактаб энг яхши мактабга айланади
Жамоада гуруҳбозлик авж олган, таълим сифати тушиб кетган мактабни шаҳар миқёсидаги энг юқори рейтингга олиб чиқиш осонми? Нега буни барча мактаб раҳбарлари ҳам уддалай олмайди? Таълим-тарбия ва жамоада аҳилликни йўлга қўйишнинг қандай сир-асрорлари бор? Мақоламиз қаҳрамони Озода Салимова тажрибасидан келиб чиққан ҳолда бу ҳақда ўз мулоҳазаларини билдирди.
25 ёшидан раҳбар бўлиб ишлаётган аёл билан суҳбатлашарканман, яхши раҳбар бўлиш ҳам алоҳида қобилият эканлигига яна бир карра ишондим. Аравасини торта олмаган раҳбар нега ўз вақтида жойини бўшатиб қўя қолмаскан, деган хаёллар ҳам ўтди, Озода опа билан суҳбатдан сўнг.
“Оғир” мактаб
- 25 ёшимда Каттақўрғон шаҳар халқ таълими бўлими мудири ўринбосари сифатида ишлардим, - дея гапириб беради Каттақўрғон шаҳридаги 11-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби раҳбари Озода Салимова. – Ишни кўнгилдагидек олиб боришимга қарамай, баъзи мактаб директорлари менинг ёш эканлигимни писанда этишар, ҳали биронта мактабни обод қилиб қўйибдимики, бизга топшириқ беради, деган гап-сўзлар қулоғимга чалинарди. Шундан сўнг, орадан бирмунча вақт ўтгач, менга мактаб директорлигини таклиф қилишди. Атрофимдагилар бунга рози бўлмаслигимни таъкидлашди. Баъзи ҳамкасбларим “Ҳали ёшсан, у жуда оғир мактаб, ҳудуд ҳам қийин, сени синдириб қўйишади”, деб насиҳат қилишди. Ҳатто шундай пайтда ҳам кўнглимда иккиланиш бўлмади. Нимагадир ўзимга қатъий ишончим бор эди. Майли, пешонамдан кўраман, лекин шу оғир мактабда ишлайман, ундаги аҳволни яхшилайман, деган аҳд билан бордим.
“Қўлидан нима ҳам келарди?”
Бу шаҳдим даставвал мактабга бориб, ҳақиқий аҳволни кўрганимда ростдан ҳам бироз бўлса-да, пасайди, бироз довдираб қолдим. Ўшанда 28 ёшда эдим. Мактаб жамоасида фаолият юритадиган котиба ва яна бир ходимдан бошқа барчанинг ёши мендан катта. Биз, устозлар орасида биласиз, ёшнинг аҳамияти алоҳида ўрин тутади. Устозларнинг ёши қанчалик катта бўлса, улар шунча тажрибали ва ҳурматга сазовор ҳисобланади. Шунинг учун жамоадагилар ҳам мени “буни қўлидан нима ҳам келарди”, деган хаёл билан қабул қилишди. Биласизми, ушбу қийин вазиятда ишни нимадан бошладим? Жамоада ишлайдиган барча устозларни йиғиб, улардан маслаҳат олдим.
“Мактабни яхшилаш учун нима қилиш керак?
Аниқ, лўнда битта таклифни ёзма равишда ёзиб беришингизни сўрайман. Сизни анча йилдан бери педагог сифатида нима қийнаяпти, шу масалани киритсангиз ҳам майли. Қолаверса, мен нима қилишим керак, қандай ишлашим керак? Шу саволларга жавоб тариқасида, истасангиз, аноним тарзда ёки исм-шарифингизни ёзиб, менга билдиришингизни илтимос қилардим”, дедим. Бир неча кун давомида барча ходимлардан турли мазмундаги фикрларни қабул қила бошладим.
Бир умрлик дастуруламал
-Ишга эрталабки еттида келинг, кечикиб келувчилар сони камаяди, қолаверса ўзингиз кимлар кечиқиб келаётганига гувоҳ бўласиз...
-Ҳар куни оғир синфларнинг дарсларига бир кириб кўринг, ҳақиқий аҳволдан бохабар бўласиз...
-Ўқитувчиларнинг кўнглига ҳам бир қулоқ солиб кўринг, уларнинг ҳам дардлари бор ахир...
Хуллас, ушбу ёзилган фикрларнинг қарийб барчасига амал қилдим. Ишга эрталаб еттида кела бошладим: натижани қарангки, орадан бир неча кун ўтмай ҳақиқатан ҳам ишга кечикиб келувчилар сони кескин қисқарди.
Ўзлаштириши оғир бўлган синфларга бир кунда бир эмас, бир неча марта кирдим. Уларнинг муаммоларини ўргандим.
Эътибор талаб қилган ўқитувчининг оиласида қандайдир муаммолари бўлиши керак, деб ўйладим. Билсам, жамоада гуруҳбозлик шунчалик авж олганки, ҳатто оддий туғилган кунларда ҳам бир-бирини табрикламай қўйишган экан. Ходимларнинг туғилган кунида кичикроқ бўлса-да, совға билан тантанали табриклаб қўйишни ташкиллаштирдик. Муаммоси борларига далда бердик. Яхши ташвишлар билан юрган ходимларга кичик бўлса-да, эътибор кўрсатдик. Бир қараганда арзимасдай кўринган бундай тадбирлар жамоанинг бирлашиши, аҳиллашувига олиб келди. Гуруҳбозликларга ўз-ўзидан чек қўйилди. Жамоада соғлом муҳит шакллана бошлади. Ва юқорида, Устозларнинг менга билдирган таклифлари мен учун бир умрлик дастуруламал бўлиб қолди.
Адолат - таълимнинг бош мезони
Ана энди таълим билан жиддий шуғулланишнинг вақти келганди. Ҳар ҳафтанинг шанба кунлари ўқитувчилардан диктант, имтиҳон олиш тизимини йўлга қўйдим. Ўқитувчилар бир-биридан уялганидан ҳам тайёргарлик кўриб, ўз устида ишлай бошлади.
Яхши синф раҳбарлари, синфида натижага эришган ўқувчилари кўп бўлган педагогларни доимий рағбатлантириб турдик. Синфлар рейтингини жорий қилдик. Соғлом рақобат пайдо бўлди. Муҳими – ўқитувчилар учун ажратиладиган мукофот пуллари шаффоф тарзда берилди. Ҳеч ким бу ўқитувчи ноҳақ мукофот олди, дея олмайдиган даражада адолатли ташкил қилинди ҳаммаси. Шу тариқа бу жамоа директорларни тинч қўймайди, ёза-ёз қилиб албатта бўшатишга уринади, деб таъриф берилган бу жамоада бутунлай янгича муҳит шаклланди. Мактаб Каттақўрғон шаҳри бўйича энг қуйи даражадан 2-ўринга кўтарилди. Шу мактабда 12 йил давомида фаолият кўрсатдим.
Каттақўрғон шаҳридаги 11-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабига директор сифатида тайинлашганда юқоридаги каби муаммолар йўқ эди, мактаб таълим рейтинги бўйича яхши ўринларда эди. Аммо...
Кўзёшимни ютиб, ишга чиқдим
Биласизми, инсон бир умр синовларни енгиб яшашига тўғри келаркан. Афсуски, 2020 йил мен учун кутилмаган оғриқли зарбалари билан эсда қолди... Бир йилнинг ўзида навқирон ёшда укам, турмуш ўртоғим, отажонимдан айрилиб қолдим. Бу синовлардан шунчалик доғда қолдимки, ҳеч нарса кўзимга кўринмасди. Ваҳоланки, мактабга янги директор сифатида тайинланганман, таълим сифатини янада яхшилаш, каби катта мақсадни режа қилганмиз.
Шу паллада устозларим, касбдошларим қўллаб-қувватлаб турди, “Сен кучлисан, барчасини енга оласан”, дейишди. Шунга ишондимми, ишқилиб, шунча воқеалардан кейин сентябр ойида кўз ёшларимни ютиб, ишга чиқдим.
Бор аламимни ишдан олдим, бор кучимни ишга сарфладим, айрилиқларнинг азобига дуч келавермаслик учун эртаю кеч ишладим.
Ўқитувчилардан диктант, имтиҳон олиш тартибини бу мактабда ҳам давом эттирдик. Математика-физика фанларига ихтисослашган мактабнинг рейтингини ушлаб туриш осонмас. Бошланғич синфдан бошлаб то юқори синфларга бу дарсларни мукаммал ўргатиш, ўқувчилар орасида доимий равишда юқори натижаларни кўрсатишнинг ўзи бўлмайди.
Шунинг учун бошланғич синф ўқитувчиларига юқори синфга математикадан дарс беради.
Бугун мактабимизда бир нафар Халқ ўқитувчиси, 15 нафар халқ таълими аълочиси, “Дўстлик, “Меҳнат шуҳрати” ордени совриндорлари фаолият юритади.
Мактабимиз қатор танловларнинг республика босқичида фахрли ўринларни қўлга киритди. Мамлакатимиз раҳбари халқ таълими ходимлари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида бизда фаолият кўрсатаётган физика фани ўқитувчи Сайёра Имомованинг иш тажрибасини оммалаштириш ҳақида айтиб ўтди. Бундай натижалар дарду изтиробимни бироз бўлса-да, босди, яна жўшқин ҳаётга қайта бошладим.
Озода опа мактабда баҳолаш мезонлари, синфлараро рейтинг тахталарию, доимий равишда ўқувчилар ўз қўли билан ясайдиган буюмлар ярмаркаси, ўқувчиларининг чизган суратларию, уларнинг ютуқларини гапиришдан чарчамасди.
Дарвоқе, мактабга кириш эшиги иккита экан: бири ўқувчилар, бири устозлар учун. Яқиндагина тарихий обидаларни гид билан саёҳат давомида қадимда мадрасаларда ҳам шундай усул қўлланилгани ҳақида билган эдим. Устоз-шогирдликни улуғлаб келган миллат сифатида Озода Салимова бошчилигида мактаб жамоаси ҳам бу қадриятларни, нафақат ўзаро ҳурмат, балки таълим-тарбияда ҳам анъаналаримизни сақлаган ҳолда замонавий билимларни улашаётгани ҳавас уйғотади, кишида.
Гулруҳ МЎМИНОВА.