“Агробанк” Қўшработ туман филиалида картомат ўрнатилди
Банк пластик карточкаларини олиш анча-мунча вақт талаб қиладиган серташвиш юмуш эканлигини ундан фойдаланувчилар яхши билади. Бу замонавий ҳамёнга эга бўлиш учун банк идорасига бориш, ариза ёзиш, паспортдан нусха топшириш, кейин пластик карта тайёр бўлгунга қадар икки-уч кун кутишга тўғри келарди.
Иқтисодиётни рақамлаштириш жараёнлари тезлашгани боис бу ташвишлар энди ортда қолди. Ҳозир банк пластик карталарини уйда ўтириб ҳам бемалол расмийлаштириш мумкин.
АТ “Агробанк” Қўшработ туман филиалида мижозлар учун бундан-да қулай шароит яратилди. Бу ерда банк хизматлари бозоридаги энг сўнгги янгиликлардан бири – мижозларга пластик карточкаларни киши иштирокисиз берадиган махсус қурилма – картомат ўрнатилди.
Бу қурилма орқали мижоз банк картасини олиш учун “Face-ID” тизими орқали идентификация қилинади ва карта автомат тарзда расмийлаштириб берилади.
Банк мутахассисларининг айтишича, қурилма бошқа вазифаларни ҳам бажара олади, чунончи, эски карталарни алмаштириши, карталарни саралаши, мижоз ҳақидаги маълумотларни хотирасида сақлаши мумкин.
Норбобо Шакаров.