“Агрокимёҳимоя” унитар корхонасининг 3,5 миллиард сўмдан зиёд қарзи бор

Қарзларни ундириш корхона мол-мулкига қаратилган. 

9 июль куни “zarnews.uz” сайтида «Нафақамизни ундириб бериш кимнинг ваколатига киради?» номли хабар эълон қилинди.

Хабар асосида олиб борилган ўрганишларда аниқланишича, Иштихон тумани “Агрокимёҳимоя” унитар корхонасидан Б.Шукуров фойдасига 2,78 миллион, Т.Жўраев фойдасига 9,13 миллион ва С.Тўхтаниёзов фойдасига 6,83 миллион сўм меҳнатда соғлиғига етказилган зарар пулларини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари бўлим иш юритувига келиб тушган.

Муаммо шундаки, корхонанинг қарздорлиги фақат шундан иборат эмас.

Мисол учун, “Агрокимёҳимоя” унитар корхонасининг АТ “Агробанк” Иштихон тумани филиалидан 3,1 миллиард сўмдан кўпроқ кредит қарздорлиги мавжуд. Бундан ташқари, Иштихон тумани ДСИ фойдасига салкам 577,3 миллион сўм солиқ қарзини ундириш керак. Корхона “Холтуркман” фермер хўжалигидан ҳам 55,2 миллион сўмдан зиёд қарз.

Шунингдек, “Агрокимёҳимоя” унитар корхонаси жисмоний шахсларга қарийб 45,4 миллион сўм иш ҳақини тўламаган.

Қайд қилинган барча қарздорликлар бўйича суд ҳужжатлари келиб тушган ва ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу борада МИБ портал дастури орқали “Агрокимёҳимоя” унитар корхонасининг мол-мулкларини ўрганиш мақсадида сўровномалар юборилган. Корхона ҳисоб рақамига 2021 йил 23 апрелда банд солинган.

“Агрокимёҳимоя” унитар корхонасининг мол-мулклари хатланиб, ким ошди савдосига чиқарилгандан сўнг тушган маблағлар қарздорликларга амалдаги тартиб асосида тақсимланади.

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси.