Агротуризм – истиқболли соҳа

Агротуризмнинг бу тури моҳияти шундаки, бунда сайёҳлар тарихий шаҳарлардаги обидаларни зиёрат қилибгина қолмай, маълум муддат қишлоқда яшаган ҳолда маҳаллий аҳолининг урф-одатлари, яшаш тарзи, анъанавий қишлоқ деҳ­қончилиги, боғдорчилиги, ҳунармандчилиги, табиати билан танишадилар. Меҳнат жараёнларида иштирок этадилар. Ҳор­диқ чиқариб, қадамжоларни зиёрат қиладилар.

Юртимизда ҳам агротуризмни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Айниқса, мустақиллик йилларида Ўзбекистонни дунё таниётгани, унинг халқаро дўстлик, маданий, иқтисодий алоқалари кенгайиб бораётгани, сўлим қишлоқларимиз ўзига хос табиати, у ерда яшовчи халқимизнинг меҳнати ва яшаш тарзи, асрлар оша авлоддан-авлодга ўтиб, эъзозланиб, сайқалланиб келаётган умрбоқий анъана ва қадриятлари хорижлик сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида халқаро туризмни ривожлантиришга алоҳида урғу берилган. "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастурида намунали фермер хўжаликларини сайёҳларга хизмат кўрсатишга мослаштириш, уларга сайёҳларни жалб этиш ҳамда хорижлик туристларни мамлакатимизда бўлиш муддатларини узайтириш мақсадида агротуризмни ривожлантиришга доир вазифалар белгиланган.

Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, Самар­қанд вилоятида ҳам Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан хорижий сайёҳларнинг юртимизда бўлиш муддатларини узайтириш, маҳаллий сайёҳлар учун янги дам олиш турлари, жумладан, агротуризмни ривожлантириш бўйича тизимли ишлар олиб бориляпти, – дейди вилоят туризм департаменти бошлиғи вазифасини бажарувчи Дилшод Нарзиқулов. – Шу мақсадда Самарқанд, Тойлоқ туманларида 4 та намунавий фермер хўжаликларида дастлабки агротуризм масканлари ташкил этилди. Масалан, Самарқанд туманидаги "Амирхон ноз-неъматлари" узумчилик-боғдорчилик фермер хўжалигида хорижлик 36 нафар, маҳаллий 198 нафар сайёҳ сўлим қишлоқ, аҳолининг яшаш ва меҳнат шароити, урф-одатлари, атроф-муҳит гўзаллиги билан танишди. Миллий тўй-томоша ва бошқа маросимлар гувоҳи бўлди.

Вилоятимизда, жумладан, туманимизда ту­ризмнинг бу тури истиқболлари кенглигига ўз мисолимизда гувоҳ бўлдик, – дейди Тойлоқ туманидаги фермер хўжалиги раҳбари Миср Зайниев. – Тўғри, бу борада ҳали тажрибамиз камроқ. Лекин дастлабки ҳаракатларимиз ижобий натижа бера бошлади. Йил бошидан буён 52 нафар хорижлик, 223 нафар маҳаллий сайёҳ хўжалигимизга келди. Мева-сабзавот етиштириш, маҳсулотни қайта ишлаш жараёни билан танишди. Сўлим табиат қўйнида мароқли дам олдилар.

Вилоятимизда йил бошидан буён 151 нафар хорижий, 767 нафар маҳаллий агросайёҳ ташрифи, албатта, кам. Аммо дастлабки ҳаракатлар тўғри йўлдан бораётганимизга ишончимизни орт­тирди, – дейди Самарқанд тумани "Оҳалик олтин боғи" фермер хўжалиги раҳбари Тоҳир Шарипов. – Биз илк бор 200 нафарга яқин хорижий ва маҳаллий сайёҳларни қабул қилдик. Уларга саёҳатлари мазмуни ўтиши учун барча шароитларни яратишга ҳаракат қилдик.

Айни пайтда вилоятда агротуризмни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Жумладан, биргина Тойлоқ туманида 2018-2021 йилларда 4 та меҳмонхона ва сайёҳларни жойлаштириш масканлари барпо этиш, инвесторларни жалб этиш ва 50 га яқин иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, 2021 йилгача туман марказида Ўзбекистон маҳалласи, Банди Кушод зиёратгоҳи, Испанди қишлоғи, Ад-Даромий зиёратгоҳи, Таллиота қишлоғи, Таллиота зиёратгоҳи атрофларида бир неча меҳмонхоналар қурилади.

"Агромир Адас" қўшма корхонасида сайёҳлар махсус залда бу ерда тайёрланаётган вино-шаробни татиб кўришлари, "Сиёб Шавкат Орзу" фермер хўжалиги замонавий чорвачилик комплексида етиштирилиб, шу ерда қайта ишланаётган 30 дан зиёд сут маҳсулотлари кўргазмаси, "Сиёб саховати" ҳамда "Биг Пет Пласт" қўшма корхоналари интенсив боғларида етиштирилиб, шу ерда қайта ишланиб, ички бозор ва экспортга жўнатилаётган қуруқ мева, мураббо, шарбат маҳсулотлари билан танишишлари мумкин.

Зарафшон дарёси ҳудудида жойлашган хушманзара Қундузак, Қўрғонча, Қўтирбулоқ, Деҳқонобод, Зарафшон, Тўқай, Тожикравот қишлоқларида сайёҳлар табиат қўйнида дам олиш билан бирга, балиқ етиштириш гувоҳи бўладилар, балиқ овлаб, ҳордиқ чиқарадилар.

Худди шундай агротуризм объектлари Самарқанд, Булунғур, Жомбой ва бошқа туманларда ҳам барпо этилади.

Бундай имкониятлар вилоятимизнинг барча туман қишлоқларида мавжуд. Уларда агротуризм сайёҳлик инфратузилмасийўллар, овқатланиши, савдо, маиший, тиббий, алоқа хизматлари шохобчалари, ихчам ва шинам, ҳам сайёҳлик гуруҳлари, ҳам оилавий саёҳатчиларга мўлжалланган шарқона ва замонавий дизайн уйғунлашган меҳмонхоналар қуриш лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Бу шубҳасиз, келажакда вилоятимизда гастрономик, тиббиёт, экологик, агро, зиёрат туризмини ривожланишда янги уфқлар очади.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ,

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.