Аҳад Қаюм кибр “оти”га минганми ёки бу эътибордан четда қолганлик оқибатими?
Ҳар ким ўз дунёқараши, касб-кори, ички табиатига мос фикрлайди. Ўзини ва атрофдаги одамларни ҳурмат қилган киши омма олдида ҳар бир ҳаракати ва гап-сўз ва муомалада эҳтиёткор бўлади. Аммо беш қўл баробар эмас.
Ҳамма ҳам жамиятда ўзини тутиш этикасини билавермайди ёки билса-да риоя қилмайди. Кимдир ўзини кўз-кўз қилиш учун ортиқча шовқин кўтарса, яна кимдир ғайритабиий ҳаракатлари билан омма эътиборини тортишга уринади. Афсуски, бу инсонларнинг кўпчилиги саънат соҳасига гуёки жонивор танасига ёпишган канадек жойлашиб олган.
Зийрак инсонлар аллақачон гап ким ҳақида бораётганлигини англаб олишди. Ҳа, бу айнан Аҳад Қаюм. У ўзини кўз-кўз қилишда ҳаммани ортда қолдирди. Истаб-истамай ижтимоий тармоқларда унинг бир нечта интервьюларини ва унга нисбатан жавоб тариқасидаги лавҳаларни кўрдим. Адашмасам, сўнгги 3-4 ой ичида у интернет дунёсининг “қироли”га айланиш учун ҳар қандай ғайритабиий чиқишлар қилди. Ўзини кибрланиб, бошқа санъаткорларни камситиб гапириши оқибатида чиққан жанжаллар...
Психологлар фикрича, бу каби ҳаракатлар эътибордан четда қолган, ўз фаолиятидан қониқмайдиган ва меҳнати билан машҳурликка эришолмаган кишиларга хос экан. Аҳад Қаюм бу йўл орқали эл оғзига тушди. Шу қадарки, унинг шахсига нисбатан айтилмаган “ширин сўз” қолмади. Хуллас, Аҳад Қаюм, дейишса кўнгил айниш даражасига етди.
Шу ўринда Ўзбекистон миллий энциклопедиясида “кибр” сўзига келтирилган изоҳга эътиборингизни қаратмоқчиман. “Кибр, кибр-ҳаво, манманлик, димоғдорлик - ўз шахсиятига, қобилиятига ортиқча баҳо бериш, ўзини бошқалардан юқори қўйиш, калондимоғлик оқибатида намоён бўладиган салбий ахлоқий сифат. Бу сифат кишиларни менсимаслик, уларга паст назар билан қараш, ўринсиз ғурурга берилиш, ўзининг арзимас ютуқларини бўрттириб кўрсатиш ва бошқаларда кўринади. Кибрли киши ўз айби, нуқсонларидан кўз юмади, манмансирайди. Кибрга берилган киши ўзгаларнинг насиҳатини ёқтирмайди, залолат ботқоғига ботади. Кибр кишиларнинг камчилиги, нуқсонидир. Кибр одамлар ўртасида бирдамлик, аҳиллик ва муҳаббатни йўқ қилади, адоват уйғотади. Кибр одобсизлик белгиси бўлиб, у доимо қораланган.
Кибр - ҳаводан ПР қилиш Аҳад Қаюм учун нима беришини ўзи билармикан? Унинг ўз манфаатини ўйлаб қилган бу қилмишлари қанчадан-қанча инсонларнинг асабийлашишига, қанчаларини сўкинишига мажбур қилди.
Одатда санъат вакилларининг жамиятга салбий таъсир кўрсатадиган қилиқлари ва гап сўзлари учун қонунда белгиланган тартибда чора кўриларди. Хўш, нима учун шунча халқни бемаъни гап-сўзлари-ю, жамоат жойларидаги хурмача қилиқлари, таниқли санъаткорлар билан боғлиқ жанжаллар билан энсасини қотирган, ғазаблантирган Аҳад Қаюмнинг қилмишлари тегишли ва масъул ташкилот эътиборидан четда қолди? Нега унга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмади? Афсуски, бу саволлар бир нечта санъат вакиллари учун очиқлигича қолмоқда. Хулоса ўзингиздан.
М.Худойбердиева.