Аҳолини камбағалликдан олиб чиқишда Каттақўрғон тажрибаси

Карантин кунлари аҳолининг ижтимоий ҳимояси фақатгина озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш билан чекланиб қолмади.
Каттақўрғон шаҳрида аҳолини камбағалликдан чиқариш, уларга иш ўрни яратиш, зарур эҳтиёжларини ўрганиб, шунга муносиб тарзда ёрдам бериш учун оилаларнинг молиявий аҳволи бўйича шакллантирилган рўйхатлар аниқ мезонлар билан тўлдирилди.
- Шаҳар ҳокими топшириғига асосан секторлар ҳудудидаги кам таъминланган, камбағал аҳолини бу вазиятдан чиқариш учун мақсадли ишларни амалга ошириш режаси тузилди, - дейди Каттақўрғон шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари Феруза Раҳимова. – Ҳар бир сектор раҳбари ўз ҳудудидаги камбағал аҳолига ёрдам кўрсатиш чораларини кўраяпти. Айтиш керакки, ушбу ёрдам кўрсатиш фақат кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг ҳолидан хабар олишгина эмас, балки бандлик, тиббиёт, таълим билан боғлиқ муаммоларни ҳамкор ташкилотлар билан ҳал қилиш ва уни назоратга олишдан иборат. Айни пайтда оилаларнинг имкони ва хоҳишига қараб уларнинг хонадонларида кичик иссиқхоналар ташкил қилинмоқда, товуқ ва чорва олиб берилди.
Хусусан, 20 га яқин оилага иссиқхона ташкил қилиб берилди, ўнлаб оилаларга паррандачалик билан шуғулланиши учун имкон яратилди. Тадбиркорлар ҳам оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш масаласига беэътибор эмас. Улар оилаларга бириктирилиб, хонадон аъзоларига ишбилармонликдан сабоқ бериб, келгусида ҳунармандчилик ёки тадбиркорликнинг у ёки бу турида иш бошлашлари учун имкон беради. Бу усулнинг яхши томони шундан иборатки, одамларда ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатдан тадбиркорлик кўникмалари шаклланади.
Айни пайтга қадар карантин пайтида қийналган, муҳтож 1300 хонадонга 145 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, касаба уюшмалари кенгаши билан ҳамкорликда манзилли дастур тузилиб, муҳтож хотин-қизларнинг уй-жойини таъмирлаш, ногиронлиги бор, аммо ҳунарманд хотин-қизларга тикув машинкалари берилиши режалаштирилган.
Яқинда вилоят ҳокими Э.Турдимов Каттақўрғондаги бир нечта объектларни кўздан кечирди. Ҳудудда ижтимоий жабҳаларда олиб борилиши керак бўлган зарур тавсияларни берди. Шунингдек, ўтган ойда Каттақўрғон шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида содир бўлган ёнғин оқибатида қийналиб қолган оилалар ҳолидан хабар олинди. Ёнғиндан азият чеккан 16 оилага уй бериладиган бўлди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.